Ассалому алайкум мехрибон ва сабр-тоқатли қайноналар. Бугунги сухбатимизни айнан сизларга бағишлаймиз. Катталар бекорга «Келин олиш осон, қайнона бўлиш қийин”, деб айтишмайди. Сиз келин олишдан олдин келинингиз хақида қанча орзулар қилган бўлсангиз хам, хонадонингизга келин тушгач, уни ўз хонадонингизга ўргатиб олгунингизча анча-мунча вақт ўтади. Агар келин билан чиқиша олмасангиз, хам келинга хам сизга ва энг асосийси ўғлингизга қийин бўлади. Келинингиз билан муносабатингизда ёрдам берадиган момолар ўгитларини сизларга эслатиб ўтмоқчимиз.
Келинингизни ўз болангиздан устун кўриб, “қизим-қизим”лаб мехр кўрсатинг, уй-рўзғор ишларини эринмай ўргатиб, айбу хатоларини яширинг.
Келин билан ўғлингизнинг муносабатлари биринчи кунданоқ самимий бўлишига харакат қилинг. Келинга ўғилни, ўғилга эса келинни мақтанг. Асло шикоят қила кўрманг. Келинга ўрнак бўлишга астойдил харакат қилинг.
3. Фарзандларингиз олдида келиннинг шаъни ва обрўсини кўтаришга харакат қилинг, чунки оилада бошқаларнинг келинга муомаласи сизга қараб бўлади.
ЭР-хотин ғижиллашиб ёки уришиб қолса, сиз келиннинг тарафини олинг. Чунки ўғлингиз ўзингизники – гапингиз оғир ботмайди. Аксинча ўша пайтда келинга айтган бир оғиз қаттиқ гапингиз можарони кучайтиради. Борди-ю, келин нохақ бўлса, жанжални пасайтириб, келин билан ўғлингиз йўқ пайтда гаплашиб олинг. Унга хатосини ётиғи билан тушунтиринг. Оилангизнинг паст-баландини кўрсатинг. Ўғлингизнинг нима учун жахли чиқаётганини тушунтиринг.
Ёш келин ота-онасини соғиниб қолса, дарров рухсат Беринг, чунки янги келинликда унинг бошқа хонадонга кўникиши, яқинларидан узилиб қолиши анча қийин кечади. Кейинчалик ўзидан ортиб кўпда боравермайди.
6. Келинингиз олдида бошқа келинларнинг хусинини, кийим ва тақинчоқларини, эпчиллиги ва эплилигини, ўзга қудаларнинг сарфу харажатларини мақтаманг, чунки уни камситган, озор берган бўласиз. Фақат бошқаларнинг одоби, муомаласини ибрат қилиб кўрсатинг.
Келиннинг хизматидан, овқатидан юриш-туришидан айб топаверманг. Ўзингиз янги келин бўлган даврларни бир эсга олинг. Айби бўлса, малол келмайдиган қилиб ўзига айтинг.
Агар ўғлингиз хотинига совға олиб келса, «Нега менга ёки синглингга қўшиб олиб келмадинг?”, деб жанжал чиқаришга шошилманг. Хотинига совға олиб келган пайтида сизга олиб келмагани учун хафа бўлманг. Сизга бошқа сафар олиб келар. Уларнинг ёшлигини сизнинг эса бу ёшдан ўтиб, анча хаётий тажриба орттирганингизни хам эсланг.
9. Қаноталар келин олиш харажатларини қилган, шунинг учун кўпинча келиннинг ёнини олиб мақтаб туришади. Бундан сиз рашк қилиб, жанжал кўтарманг. Сизнинг ёнингизни олмагани учун эрингизга хам жахл қилманг.
Хеч қачон келиним ёмон чиқиб қолди, ўғлимни қайта уйлантираман, деб ўйламаслик керак. “Яхши сўз билан илон инидан чиқади, ёмон сўз билан қилич қинидан чиқади”. Қолаверса келинни алмаштириш – сизнинг фикрингиз, ўғлингизники эмас. Ўғлингиз уни севиб, қабул қилган бўлса сиз уларнинг оиласига аралашмаганингиз маъқул. Агар бошқа келин оламан десангиз бир оиланинг парчаланишига сабаб бўласиз.
Ха, мухтарам онажон ва опахон, қайноналикнинг иши мушкул. Ўзга бир хонадонда, бегона бир мухитда ўсган қизни ўз оилангиз аъзоси, ўз болангизга айланиши учун, ўғлингиз билан бахтли, саодатли хаёт кечириши учун сиздан анча мунча бағрикенглик, кечиримлилик, мехр-мухаббат талаб қилинади.