3:37

Ўз жонига қасд қилиш

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Маълумотларга қараганда, дунё бўйича йилига 19 миллион киши ўз жонига қасд қилишга уринади. Шундан қарийиб 1 миллиондан ортиғи ўз ниятига эришади. Англаган бўлсангиз, бугунги суҳбатимиз ўз жонига қасд қилиш ҳақида. Нега кишилар ўз жонига қасд қиладилар. Бунга сабаблар жуда кўп. Умуман олганда, ўз жонига қасд қилиш барча ёшдагилар учун ҳос. Аммо шундай ёшлар борки, уларда бошқа даврларга нисбатан, ўз жонига қасд қилиш даражаси юқорироқ бўлади. Бу ҳолат асосан ўсмир ва ўспиринлар орасида жуда кўп учрайди. Нега айнан ўсмир ва ўспирин ёшдагилар ўз жонига қасд қиладилар? Ëдимда, бир-икки йил олдин бир қариндошимнинг эндигина мактабни битирган 16 ёшли ўғли, омборхонага кириб ўзини осиб ўлдирди. Ҳеч ким бунинг сабабини билолмади.

Narrator 2 Мутахассисларнинг фикрича, кишларнинг ўз жонига қасд қилишига турли сабаблар бор. Масалан, шахсий ҳаётнинг издан чиқиши, ўзига нисбатан адолатсиз муносабат, қарама-қарши жинс вакили билан омадсиз муносабатлар, жавобсиз муҳаббат, яқин қариндош ёки дўстларнинг вафот этиши, атрофдагиларнинг тушунмаслиги ва ёлғизлик ҳиссини бошдан кечириш, ишдаги муаммолар, жисмоний таҳқирланиш, яшашдан мақсаднинг йўқолиши, молиявий муаммоларнинг вужудга келиши ёки қарзга ботиш, ҳаётда ўз ўрнини топа олмаслик, ҳаётга қизиқишнинг йўқолиши, саломатликдаги муаммолар ва ниҳоят руҳий касалликлар. Ўз жонига қасд қилиш ўсмир қизлар ва аёллар орасида ҳам тез-тез учраб туради. Қизларнинг ўз жонига қасд қилишига, жисмоний таҳқирланиш, жавобсиз муҳаббат, ўзига нисбатан адолатсиз муносабатлар сабаб бўлса, аёлларнинг бундай ишга қўл уришига атрофдагиларнинг тушунмаслиги, ўзини ёлғиз ҳис қилиш ва ҳаётда ўз ўрнини топа олмаслиги сабаб бўлади.

Narrator 1 Эркаклар орасида бу сабаб бироз бошқача бўлиши мумкин. Масалан, эркакларнинг ўз жонига қасд қилишига молиявий муаммоларнинг вужудга келиши, қарзга ботиш, саломатликдаги муаммолар кўпроқ сабаб бўлади. Соғлиғида муаммоси бор одам бир умр азобланиб яшагандан кўра, ўзини ўлдириб ҳаммасидан қутулишни афзал кўради. Ўсмирлар орасида бу ишга қўл урадиганларнинг сон жиҳатдан кўплиги, ҳар бир ота-онани ташвишга солади. Бунинг асосий сабаби ўсмир организмида эндокрин, гормонал ўзгаришлар, тажовузкорлик, ўта таъсирчанлик, ҳиссий беқарорлик, импулсивликни кўрсатиш мумкин. Ундан ташқари ўсмир ёшида болаларда кризис ҳолати учраб туради. Ўсмирлик давридаги кризисда болалар ўзларини ёлғиз ва кераксиздай ҳис қилади. Боласидаги бундай салбий ўзгаришларни кўрган ота-она болага кўпроқ яқин бўлиши ва муҳаббатларни кўрсатиши керак.

Narrator 2 Фарзандимизда тушкун ҳолатни сезишимиз билан унинг сабабини суриштиришимиз ва унга ёрдам беришимиз лозим. Ўсмир ҳаётга қизиқишини йўқотган деб ҳисобласангиз, унга ҳаётини қизиқ қиладиган машғулотлар топиб беринг, ҳаётда яшашдан мақсадини англатинг. Яқин дўстимиз ёки яқинларимиздан бири ўз жонига қасд қилишни режалаштираётганини қандай биламиз? Бунда кишининг кайфияти доимо тушкун бўлади, ўзини-ўзи жамиятдан, дўстларидан, яқинларидан ажратиб қўяди, шунингдек, уйқусизлик, иштаҳасизлик ва бош оғриғидан қийналади ва ўзини кераксиз, деб ҳисоблайди. Шундай вазиятларда бу каби инсонларнинг кўнглига йўл топишга ва кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилинг. Қўлингиздан келганича, яшашга бўлган истакларини уйғотинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top