Ассалому алйкум. Сизга соғлик ва бахтиёрлик тилаб витаминлар хақидаги сухбатимизнинг давомини бошлаймиз. Витаминлар инсон организми учун қадрли эканини хаммамиз яхши биламиз. Аммо қайси витамин нималар учун фойдали эканини, улар етишмаганда қандай касалликлар келиб чиқишини хамма хам билмайди. Агар сизлар соғлигингиз хақида астойдил қайғурсангиз бизнинг сухбатимизга қўшилинг. Хозир берадиган маълумотларимиз сиз учун фойдали бўлишига аминмиз. Витамин Д кальций ва фосфор минерал тузларининг ўзлаштирилишига ва уларнинг суяк тўқималарида тўпланишига имкон беради. 3-4 ёшгача бўлган болаларда Д витаминига бўлган эхтиёж айниқса кучли бўлади. Хомиладор ва эмизикли хотинларда хам унга бўлган эхтиёж катта. Қуёш нури таъсирида витамин Д терида пайдо бўлади. Катта ёшдаги кишиларда Д витаминига эхтиёж кўп бўлмайди, лекин ер остида ишлайдиганларда Д витаминига эхтиёж катта бўлади.
Қиш даврида организмда Д витаминининг хосил бўлишини кварц лампалари билан нурлантириб кучайтириш мумкин. Сариёғ, тухум сариғи, балиқ мойида бир оз миқдорда витамин Д бўлади. Ўсимлик махсулотларида одатда бу витамин мутлақо бўлмайди. Шунинг учун хам куз-қиш фаслида болаларга балиқ мойи ёки Д витамини бўлган махсулотлар бериш керак. Витамин Е организмда ёғ алмашинувига алоқадор. Бу витамин организмда етишмаса жинсий фаолият бузилади, мускуллар дистрофияси ривожланади. Витамин Е ўсимлик мойлари, ерёнғоқ мағзи, нўхат, маккажўхори, соя ва сабзавотлар, салат ва исмалоқда бўлади. Хайвон махсулотларидан жигар, тухум сариғи ва сутда мавжуд. Витамин К қон ивишида иштирок этади. Ўсимликларнинг яшил қисмида шунингдек сабзи ва помидорда бўлади. Баъзи бир бактериялар, шу жумладан ичакда яшовчи бир қатор бактериялар витамин К хосил қилиш қобилиятига эга.
Витамин Р қил томирлар деворлари мустахкамлигини оширувчи, уларнинг мўртлигини йўқотувчи ва қон ўтказувчанлигини оширувчи модалар группаси. Витамин Р организмда витамин Снинг яхши ўзлаштирилишига ёрдам беради. Чойда, айниқса кўк чойда, наъматак, лимон, хурмо, қора смородина, шунингдек узум, олхўри, қалмпир, гречка ёрмасида витамин Р кўп бўлади.
Витамин РР организмда биологик оксидланиш жараёнини амалга ошириш учун зарур. Жигар, буйрак, хамиртуруш, гўшт, сут хамда нўхат, дуккаклилар, буғдой унида кўп миқдорда бўлади. Гречкада ва қўзиқорин витамин РРга бой. Ўсимлик моддаларидагидан кўра хайвон махсулотларидагиси яхши ўзлаштирилади. Бундан ташқари, бу витамин организмда триптофан аминокислотасидан хосил бўлиши мумкин. Фолат кислота қон яратилиши жараёни билан чамбарчас боғлиқ. Асосан баргли сабзавотларнинг яшил баргида, шунингдек, помидор, олма, бош карам, картошка, жигар, буйрак, хамиртурушда бўлади.
Салат, исмалоқ, петрушка кўки, гул карам фолат кислотага бой. Витаминлар инсон организми учун мухим ахамиятга эга бўлгани учун хам баъзи бир озиқ-овқат махсулотлари юқоридаги витаминлар билан сунъий бойитилган бўлади. Масалан баъзи бир маргаринлар А ва Д витаминлари билан, баъзи бир ун сортлари эса В группа витаминлари билан бойитилган холда савдога чиқарилади. 1 ёшдан ошган болалар учун витаминлаштирилган мева ва сабзавот пюрелари чиқарилади. Шунингдек таркибида кўп миқдорда каротин бўлган кўк нўхат, сабзи, исмалоқ, ўрик пюрелари, қора смородина пюреси, С витамини билан бойитилган сут ишлаб чиқарилмоқда. Саломат бўлишингиз учун энг аввало ўзингиз харакат қилишингиз керак. Сиз сифатли ва ўзингиз учун фойдали бўлган нарсаларни қиммат бўлса хам сотиб олишга харакат қилинг. Хозир саломатлигингиз учун истеъмол қилаётган озиқ-овқатларингиз сизни келажакда келиши мумкин бўлган касалликлардан химоя қилади. Истеъмол қилаётган озуқаларингиз сиз учун ёқимли ва фойдали бўлсин. Хар нарсани меъёрида истеъмол қилинг. Шакарнинг хам ози ширин.