Азиз биродарлар бугунги суҳбатимизнинг мавзусини эшитиб асло ҳайрон бўлманг. Бу бизнинг ҳаётимиз ва юрагимизга тегишли. Шунинг учун суҳбатимизни диққат билан тингланг. Ҳар биримизнинг ҳаётимизда юрагимиздаги “бир уюм ахлат”дай турган қуллик ёки заиф томонларимиз бор. Қулликнинг бу қисмлари жонларимизнинг душмани эътиборини тортади. Ёвуз руҳларни эса “ахлат”ни титиб озиқланадиган «каламушлар” дейиш мумкин. Душманимиз ҳаётимиздаги ҳар бир гуноҳ ва заифликдан фойдаланиб, ҳаётимиздаги ҳал қилинмаган қоронғу қисмлар орқали кириб олишга ҳаракат қилади. (Муқаддас Калом эса буни “фурсат” деб атайди – Эфес 4:27: “Иблисга фурсат берманглар”.). Биз кўпинча душман кириб олиб, бизни босиб қўяди деб ўйлаймиз, аммо ҳаётимизда у “фурсат” ёки “кириш нуқтаси”ни топиб олса нима бўлади? Баъзида жуда кичкина тешик ҳам душман ўз мақсадига эришиш учун етарли бўлади. Ҳаётимиздаги бу қисмлар душман ҳаётимизга кириши учун эришган “хуқуқ”и бўлади.
Ёвуз руҳлар яъни “каламушлар” агар у ерда ахлат бўлса, демак ўша ерда хаққи бор деб ўйлайди. Агар юрагимиздаги ўша ахлат уюмини супуриб ташламай туриб, каламушларни ҳайдасак, ахлат чирий бошлагани сари, кучли жангда қоламиз ва каламушлар ҳам чириган ахлатга бажонудил яна қайтиб келади. Аммо биринчи, ахлатларни оз-оздан йўқотсак, кейин каламушларнинг кетиши осон бўлади. Каламушлар келишга ҳаракат қилганда, киши уларни осонгина ҳайдай олади. Хатто киши келган каламушларга: “Сенинг бу ерда ҳаққинг йўқ!”, деб бемалол айта олади. Аждодлардан келган қуллик. Забур 50:5; Чиқиш 20:5-6 “Ўша худолар ёки бутларга сажда қилманг, хизмат қилманг. Мен Эгангиз Худо, сизларнинг севгингизни бошқа худолар билан баҳам кўрмайдиган Худоман. Мендан нафратланадиганларни жазолайман, уларнинг гуноҳлари оқибатларини болаларига, набираларига ва чевараларига олиб келаман. Лекин Мени севиб, амрларимга риоя қиладиганларнинг минг-минг авлодларига собит севгимни кўрсатавераман.” Худованд бизнинг аждодларимизга, бутун инсонларга шундай буйруқ берган. Аммо аждодларимиз Худованднинг бу буйруғига амал қилмаган бўлса-чи? Унда бу гуноҳнинг таъсири аждодларингизнинг авлодларига яъни сизгача етиб келган бўлади.
Сеҳргарлик ишларига аралашганлик
Ишаё 8:19-22 “Халқлар сизларга: “Оталар руҳига, фолбинларга, азайимхонларга ва афсунгарларга бор”, деб айтадилару ўз худоларига бормайдиларми?! Ахир, тириклар ўликлардан насиҳат ва таълимот излаб боряпти-ку! Мана шулар далил ва таълимот, дейдилар. Шундай айтганларга ёруғлик бўлмайди.” Бизнинг ҳалқимизда шундай одамларга ишонадиганлар жуда кўп. Сизнинг оила аъзоларингиз орасида ҳам шундай одамлар бўлган бўлиши ёки уларга ишонадиганлар бўлган бўлиши мумкин.
Зинокорлик бу ҳар бир даврда бутун инсоният томонидан қораланиб ва нафратланиб келинган гуноҳ. Аммо шайтон барибир инсонларни зино ботқоғига ботиришни истайди. Зинокорнинг биргина зиноси ҳам қанчадан қанча авлодларига зиён етказади. 1 Кор 6:15-17: “Билмайсизларми? Аъзойи баданингиз Масиҳнинг аъзоларидир. Шундай бўлгач, Масиҳнинг аъзоларини олиб, фоҳишанинг аъзолари қилиб қўярмиканман? – Асло! Фоҳиша билан қўшилган у билан бир бадан бўлишини билмайсизларми?…Раббимиз билан қовушган эса У билан бир Руҳ бўлади.
Тан олинмаган гунох/ тавба қилинмаган гуноҳ. Аждодларимизнинг тан олмаган ва тавба қилмаган гуноҳлари сизга, сизнинг гуноҳларингиз эса фарзандларингизга таъсир беради. Қуйида шу ҳақида Муқаддас Каломдан ўқишингиз мумкин. 1 Юҳ 1:9,10; Маталлар 28:13; Сонлар 5:7. Шунинг учун Худонинг каломларига, Унинг амрларига ҳеч ҳам бефарқ қараб бўлмайди. Худованга ибодат қилиб, ҳаётингизда қандай гуноҳлар борлигини сўранг. У кўрсатгач эса улар учун тавба қилиб, Худованддан кечирим сўранг. Бу мавзу сизга қизиқарли бўлса, кейинги суҳбатларимизда шу мавзуни яна давом эттирамиз.