Ассалому алайкум қадрли тингловчилар. Бугунги кунда ўз соғлиғи ҳақида қайғурмайдиган инсон бўлмаса керак. Шуни инобатга олган ҳолда киши соғлом яшаши учун ва организмини маромда ишлашини таъминлаши учун нималар қилиш кераклиги ҳақида маълумот беришга қарор қилдик. Ёшликда беэтибор қолдирилган хасталик қариганда ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Худо бизга тана берган экан, бу танани ҳар қандай ҳолатда ҳам соғлом сақлашга ҳаркат қилишимиз лозим. Бугун кўзларни асраш учун нималар қилиш лозимлиги ҳақида тўхталиб ўтамиз. Соч оқариб, тери ўз қайишқоқлигини йўқотганидек, кўзлар ҳам вақт ўтгани сари ўзгариб боради. Буларнинг барии ёш билан боғлиқ бўлган табиий жараён бўлса-да, аммо бунга бошқа сабаблар ҳам бўлиши мумкин. Бундай ўзгаришлар эса кўриш қобилиятини билан боғлиқ бўлган жиддий муаммоларга сабаб бўлади.
Кўз атрофидаги тери юпқалашиб, ўз эластиклигини йўқотади ҳамда мушаклар бўшашиб қовоқ осилиб қолади. Қош ва киприклар ҳам сийраклашиб, кўзнинг ташқи қисмини намлаб ёғсимон ҳимоя пардасини ҳосил қилувчи ёш суюқлигини ишлаб чиқилиши ҳам сусаяди. Қовоқ ости ва конъюктив ёш безларининг фаолияти аввалгидек яхши бўлмайди. Бундай ўзгаришлар мугузда ёпишқоқ плёнка ҳосил бўлишига ёки қуриб қолиб, кўзнинг ачишиши, қизариши, кўзга бир нарса тушгандек ҳис қилишига сабаб бўлади. Бундай ноқулайликдан халос бўлиш учун доимий равишда махсус кўз томчи дориларидан фойдаланишингиз мумкин. Ёш ўтган сари конъюктив юпқалашиб, нозик бўлиб қолади ва сарғаяди. Кўзнинг оқсил пардаси ҳам ёғ йиғилиши туфайли сарғаяди. Албатта ҳамма ҳам кўз касалликларига чалинмайди. Шунинг учун кўпчилик қариганда фақат кўзойнак ҳамда ёруғроқ чироққа эҳтиёж сезадилар ҳолос. Шунга қарамай, вақти-вақти билан шифокор кўригидан ўтиб туриш лозим.
Кўриш қобилиятининг доимий равишда кўрикдан ўтказиш кўз касалликларининг олдини олишнинг энг самарали усулидир. Ҳали кўриш қобилиятидан шикоят қилмайдиган ёки наслда бундай касалликлар учрамаган ёшлар кўрикдан ҳар 3-5 йилда ўтишлари керак. 40-65 ёшли кишилар эса 2-4 йилда бир ўтишлари керак. Агар 65 ёшдан каттароқ бўлсангиз ҳар йили бир марта шифокор кўригидан ўтишингиз лозим. Ўзингизда қуйидаги аломатларни сезсангиз шифокорга мурожаат этинг: ― Қовоқларнинг шишиши; — Мугуз рангининг ўзгариши; — Кўзнинг ғилайланиши; — Кўриш майдони ўртасидаги қора доғлар; — Яқин ёки узоқдаги нарсаларни ноаниқ кўриш; — Кўз олдида иккиланиш; — Кўзнинг ачишиши ёки қичиши; — Кўзнинг кўп ёшланиши; — кўзнинг кўп оғриши; — Майда нуқталар ёки ёрқин юлдузчаларнинг кўриниши (улар атфорида рангли доиралар бўлиши); — Периферик кўришнинг йўқолиши; — Кўз ёки унинг атрофи қизариши; — Кўриш майдонида доғлар ҳосил бўлиши;
— тўғри чизиқлар тўлқинсимон ёки қийшиқ бўлиб кўриниши; — Тасвирнинг йўқолиб қолиши; — Қоронғи хоналарда кўзнинг мослашиши қийин бўлиши; — Ёруғликка ҳаддан зиёд таъсирчанлик; — Кўз олдида туман бўлиши, кўришнинг қийинлашиши. Агар ўзингизда юқоридаги ҳолатларни кузатсангиз, кечиктирмай шифокор ҳузурига бориб кўзингизни текширтиринг. Бу билан кейинчалик катта муаммога учрашнинг олдини олган бўласиз. Кўриқ қобилияти нормал билан таққослаган ҳолда баҳоланади. Шифокор кўриш қобилиятингизни текширгач натижа 20/20ни кўрсатса, демак кўриш қобилиятингиз яхши. Биринчи рақам сизнинг кўриш қобилиятингизни, иккинчи рақам эса соғлом одамнинг кўриш қобилиятини белгилайди. Агар натижа 20/40 бўлса, демак сиз соғлом одам 40 қадамдан кўра оладиган нарсани сиз 20 қадамдан кўрасиз. Кўриш қобилиятини сақлаб қолиш шифокор ва беморнинг бирга олиб борган меҳнатидир. Кейинги суҳбатимизда қандай қилиб кўз касалликларидан сақланиш мумкинлиги ҳақида бўлади.