3:01

Худонинг муҳаббатига ишончсизлик 2 қисм

MP3

Ассалому алайкум биродарлар. Худонинг муҳаббатига ишончсизлик Масиҳ жамоатини ҳаста қилиб қўйганлиги ҳақида суҳбатлашдик. Бу суҳбатимизни бугун ҳам давом эттирамиз. Ҳақиқатда жамоатларнинг ўсмаслигига, улардаги сусткашлик ва ланжликка нима сабаб? Бунинг фақат биргина сабаби бор, бу ҳам бўлса Худонинг севгисига ишонмаслик. Айнан шу ҳасталик Масиҳ жамоатини зарарлаган. Ҳасталик туфайли улар душман ҳужумларига дош беролмаяптилар. Ҳаётларида бўладиган кундалик руҳий жангда енгилмоқдалар. Бу ҳасталикка барҳам бериш ва Худо жамоатини ишончсизликдан қутқариш ниятида бугунги суҳбатимизни Унинг бизга бўлган муҳаббатига бағишладик.

Худо Ўзининг муқаддас Каломи орқали бизни нақадар севишини айтади. Биз ҳар сафар Каломни очар эканмиз, Худонинг бизга бўлган муҳаббати ҳақидаги оятларни кўрамиз. Худо Ўз муҳаббатини фақат айтадигина эмас, У кўрсатади ҳам. Балки сиз севган одам ўз муҳаббатини кўрсатадиганлар хилидан эмасдир. Бироқ Худованд бизга мутлақо ўхшамайди. У мухаббатини ичида сақламайди. Унинг муҳаббатини турли хил йўллар билан кўришимиз мумкин. Бошимизга марҳаматлар ёғдирганида, ибодатларимизга жавоб берганида, муҳтожликларимизни қондирганида ва ҳатто Ўз хивичи билан бизни тўғри йўлга бошлаганида ҳам Унинг муҳаббатини кўришимиз мумкин. У Ўзининг мухаббатини олий бир кўринишда намойиш этди. Бу ҳақида Римликлар 5 боб 8 оятда шундай ёзилган:

«Лекин биз ҳали гуноҳга ботган чоғимизда, Масиҳ биз учун ўлди. Бу Худонинг бизга бўлган муҳаббатидан далолатдир.” Бизга бундан бошқа яна қандай исбот керак?! Ҳар биримиз яқин бир одамимиз учун жонимизни бера оламизми? Аммо ишонтириб айтаманки, ҳар бир ота ёки она ўз фарзанди учун ҳеч иккиланмай жонини беришга тайёр бўлади. Агар жамоатдаги ҳар бир имонли ўз ҳаётига диққат билан назар солса, Худовандимиз ҳар куни ўз севгисини намойиш этаётганини кўради. Худованд кундалик баракалар, ризқ-рўзимиз, ибодатларимизга жавоб бериш ва ғамхўрлик қилиш орқали Ўз муҳаббатини кўрсатаяпти. Худо биз ҳақимизда тинмай ўйлайди. Юҳанно 17:24 оятда Исо Масиҳ шундай деган эди:

«Эй Ота! Сен Менга берган одамлар Мен билан бир жойда бўлишини хоҳлайман. Сен Менга ато қилган улуғворликни улар ҳам кўриб турсин, дунё яратмасдан аввалоқ Сен Мени қандай севганингни улар билсин.” Исо Масиҳ жаннатда Худонинг ўнг томонида ўтирибди. Унинг ҳаёлида эса сиз билан биз. Бир қўшиқда шундай сўзлар бор: «Масиҳ хочда қийналаётганида ҳам мен ҳақимда ўйларди.” Сиз кечаси у ёқдан бу ёққа ағнаб, ухлаб ётганингизда ҳам Худованд сиз ҳақингизда ўйлайди. Худо бошқаларга бизни қанчалик севишини кўрсатади. Суҳбатимизни қуйидаги оят билан якунлаймиз. «Сен Менда, Мен эса уларда ҳозир бўлиб, мукаммал бирликка эришсинлар. Натижада, дунё Мени Сен юборганингни тан олсин. Мени қандай севсанг, Меникиларни ҳам шундай севганингни дунё билсин.”

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top