3:49

Жамоат нима?

MP3

Жамоат нима? Бу саволга икки хил йўл билан жавоб бериш мумкин. Дунёвий йўл билан жавоб берадиган бўлсак, бу бир фикрга ва бир хил қизиқишларга эга бўлган кишилар жамланмасини жамоат дейиш мумкин. Аммо руҳий йўл билан жавоб берадиган бўлсак…Яхшиси эшитинг. Балки жамоат ҳақида янги фикрларни оларсиз. Жамоат сўзини биринчи марта Исҳок ўғли Ёқубни дуо қилганида ишлатган. Ибтидо 28:3 да шундай ёзилган: «Қодир Тангри сени баракали қилсин, сенга фаровонлик бериб наслингни кўпайтирсин, сендан халқлар жамоатини вужудга келтирсин.” Исҳоқ бундай дуо қилганида нимани назарда тутган билмадим-у, аммо Худо ҳақиқатда Ёқубнинг ўғли Яҳудо насли орқали, Довуд орқали Исо Масиҳни дунёга келтирди. Масиҳ орқали эса халқлар жамоати пайдо бўлди. Жамоат – бу Масиҳнинг биродарлари, дўстлари ва издошларининг жамланмасидир. Жамоат бу бир оила дегани. Оилада ҳамма бир бирининг оғирликларига ёрдамлашади. Муаммоларига ёрдам беради. Жамоатдаги ҳар бир киши ҳақиқатда бир-бирини севиши шарт. Чунки Масиҳ бизларга: “Бир-бирингизни севинглар. Мен сизларни қандай севган бўлсам, сизлар ҳам бир-бирингизни шундай севинглар. Агар орангизда муҳаббат ҳукмрон бўлса, сизлар Менинг шогирдларими эканингизни ҳамма шундан билиб олади.”, деган эди. Масиҳнинг жамоатида Худонинг севгиси бўлиши керак. Акс ҳолда у жамоат бўлмайди. Жамоат нима деган саволга яна у Масиҳнинг танасидир, деб жавоб бериш мумкин. Ҳа , жамоатимиз ундаги аъзолар Масиҳ танасининг аъзоларидир. Римликлар 12 боб 4, 5 оятларда шундай ёзилган: “Баданимиз бир бўлсада, узвлар кўп, узвларнинг вазифаси эса бир хил эмас. Шунга ўхшаб, биз кўп киши бўлсак ҳам, Масиҳ вужудида бирлашганмиз ва бир баданни ташкил этамиз. Ҳар биримиз алоҳида-алоҳида бўлиб, бир биримиз учун узвдирмиз.” Мана шу оят жамоат нима деган саволга жавоб бера олади. Агар бир узв азоб чекса, у билан бирга ҳамма узвлар азоб чекади. Шунинг учун ҳам жамоатда ҳамма бир-бирига ғамхўр бўлиши лозим. Ҳаворийлар 4:32 оятда ҳам шундай сўзлар бор: «Имонлилар жамоати бир жон, бир тан эди. ҳеч бири мулкидан бирон нарсани меники демас эди, ҳамма нарсани умумий деб билишарди.” Бу бир оила эканликнинг намунаси. Эфесликлар 4:4 оятда яна ҳам тўлиқроқ жавоб ёзилган: “Бадан – бир, Руҳ ҳам – бир. Чунки Худо ҳаммаларингизни ҳам бир хилда умидвор бўлишга чақирган. Раббимиз – бир, имон – бир, сувдаги иқрор – бир. Ҳамманинг Отаси Худо – бир. У ҳамманинг устидан ҳоким, ҳамма орқали амал қилади, ҳаммада мавжуддир.” Бу оятлар менга жуда ёқади. Биз имонлилар билан суҳбатлашганимизда орамизда қандайдир тўсиқ борлигини сезамиз, бу ҳақиқатда шундай. Аммо, биродарлар билан орамизда ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Биз улар билан руҳий мавзулар ҳақида бемалол гаплаша оламиз. Бундай муносабатдан кўнглимиз тўлади. Чунки юқорида айтилганидек, Руҳ – бир, имон – бир, ҳаммамизнинг Отамиз Худо – бир. Демак бизда умумийлик кўп. Биз бир оиладекмиз, бир оиладаги ака-укалар ва опа – сингиллардекмиз. Мана шу жамоатдир. Сизда ҳам жамоат ҳақида фикрлар бўлса, бизга ёзиб юборинг. Омон бўлинг!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top