Ассалому алайкум. Оиладаги келишмовчилик юзага келганда эр-хотин бугун биз сизларнинг эътиборингизга ҳавола қиладиган гапирувчи-тингловчи усулидан фойдаланиши мумкин. Жуда муҳим масалаларда гапирувчи-тингловчи усули кўпгина оилаларга ёрдам беради. Агар ўртангиздаги масалани тинч йўл билан ҳал қилмоқчи бўлсангиз бу усул жуда қўл келади. Бироқ бу усулни оддий суҳбатларга қўллаб бўлмайди. Бу усулни оилада пул, интим муносабат, қайнона-қайнота каби муаммолар пайдо бўлганда ишлатиш мумкин. Гапирувчи-тингловчи усулини ишлатишдан олдин унинг қоидаларини яхшилаб билиб олишингиз керак. Бу усулни қўлайдиган эр-хотинлар учун қоидалар:
1) Гапирувчи ўзига бирор бир буюмни танлаши керак. Масалан, у телевизорнинг пульти бўлиши мумкин, бир вароқ қоғоз бўлиши ҳам мумкин. Умуман гапирадиган одам бирор нарсани қўлига олади. Қўлида ҳеч нарсаси бўлмаган киши эса тингловчи бўлади. Гапирувчи ва тингловчи бўлган ҳолда ҳар иккингизга тегишли бўлган қоидаларга амал қилишингиз керак. 2) Гапирувчи қўлидаги нарсасини бўлишиши керак. Яъни бир муддат гапирганидан сўнг, қўлидагини тингловчига ҳам берсин. Тингловчи ҳам ўз фикрларини айтсин. Биринчи бўлиб гапирувчи бўлган одам эса тингласин. 3) Бу усулни қўллашдан мақсад муаммони тинчлик ва яхшилик билан муҳокама қилиш эканини ёдингиздан чиқарманг.
Гапирувчи учун қоидалар:
Ўзингиз учун гапиринг. Турмуш ўртоғингизнинг гаплари ёки ҳаракатларини тахлил қилишга уринманг. Ўз ҳис-туйғуларингизни ва нима учун хафа бўлганингизни айтинг. Бу ўринда «мен» деган сўз жуда қўл келади. Бироқ «Менимча сиз жуда дангасасиз», — дея кўрманг. Унинг ўрнига «Ўзингиз қилишингиз керак бўлган ишни қилмаганингиз мени ранжитди.», — дейиш тўғри бўлади.
Ҳадеб ўзингиз гапираверманг. Қоғоз ёки пульт менда экан, деб ҳадеб ўзингиз гапиришингиз яхши эмас. Сизни тинглаётган шеригингизга ҳам гапиришига имкон беринг. Тез-тез рол алмашиб туринглар.
Бир муддат гапирганингиздан сўнг, тингловчини ҳам эшитинг. Сизнинг фикрингизга нисбатан унинг ҳам ўз гапи бўлади. Уни тинглаётганда эса диққат билан тингланг. Унинг ҳолатини тушунаётганингизга эътибор беринг.
Тингловчи учун қоидалар:
Эшитган гапларингизни қисқагина қилиб такрорланг. Масалан хотинингиз: «Анчадан буён мен ҳақимда ўйламайсиз. Охирги пайтларда жуда чарчаб кетдим. Сиз эса парво қилмайсиз. Бир оғиз ширин гап билан кўнглимни кўтариб ҳам қўймадингиз», — деганда, сиз: «Эътибор қилмаганим учун хафа бўлдингми?», — деб тушунганингизни билдириб туринг.
Гапирувчининг гапларига диққат қилинг. Унинг гапини бўлманг. Яхши тингловчи бўлиш қийин. Агар суҳбатдошингизнинг гапларидан хафа бўлган бўлсангиз, тезда унинг гапини бўлиб қўйманг, гапини охиригача эшитинг.