3:21

Музлатилган маккажўхори

MP3

Ассалому алайкум қадрли тингловчилар. Маккажўхоридан олинадиган маҳсулотларнинг нақадар кўплиги ҳақида билиб олдингиз. Маккажўхоридан йил бўйи ҳатто қишда ҳам фойдаланиш мумкин. Бунинг учун маккажўхоридан тайёрланган консервалар бор. Турли хил салатларга кўк нўхот ўрнига ёки кўк нўхот билан бирга солиш мумкин. У тайёрланган салатнинг тўйимлилигини оширади ва организмингизни керакли витаминлар билан таъминлайди. Ëзда салат тайёрлашни истайдиган бекалар маккажўхориларни бемалол бозордан сотиб олишлари мумкин. Қишда эса консерваларидан фойдаланилади. Салат тайёрламоқчисиз, маккажўхори керак, бироқ аксига олиб маккажўхори консервасини олишга пулингиз йўқ.

Хўш, бундай ҳолатда нима қиласиз? Шундай ҳолатларда асқотиши мумкин бўлган бир усулни ўргатамиз. Маккажўхори ўзининг хилма-хил ҳусусиятларига кўра бошқa экинларга ўхшамайди. У думбуллигида айниқса жуда мазали ва хушхўр бўлади. Бу пайда унинг донлари юмшоқ ва майин бўлади. Маккажўхори думбулини ўзаги билан қайнатиш ёки буғда пишириш ҳам мумкин. Янги музлатилган маккажўхори сўталари – ажойиб маҳсулот ҳисобланади. Мен бошқа меваларни, масалан; олчани, қулупнайни, нокни қиш учун музлатгичга солиб қўйиш мумкинлиги ҳақида биламан. Кўпгина уй бекалари қишда топилмайдиган сабзавотларни ёзда турли хил йўллар билан ғамлаб қўйишади. Масалан консервалашади, қуритишади ва музлатишади. Булар ҳақида эшитганман, аммо маккажўхорини ҳам музлатгичда сақлаш мумкинлигини билмасдим.

Музлатиш учун сўталар думбуллигида, яъни попук ҳосил қилгандан 20 кун ўтгач, узила бошланади, бу пайтда думбул донлари жуда мазали, хушхўр бўлади. Музлатиш учун донлари тўғри ва қатор жойлашган сўталар танлаб олинади. Маккажўхори сўталарининг олтинранг, ўзбекча ва кечки оқ донли каби навлари музлатиш учун қулай ҳисобланади. Агар маккажўхори эрта узилган бўлса, музлатилганда донлари лиқилдоқ бўлиб қолади. Ўта пишиб кетгани эса крахмалли бўлиб қолади. Тўғри танлаб узилган маккажўхори сўтаси музлатилганда ҳам ўзининг тўйимлилигини, ҳиди, мазаси ва асл рангини сақлаб қолади. Узилган сўталар баргларидан тозаланиб, пастки қаттиқ қисми кесиб ташланади, яхшилаб ювилгач, сортларга ажратилади.

Қайноқ сувда пишириб олингач, аста совутилади ва целофан пакетларга ўралиб 30-35 градус совуқда музлатилади. Музлатилган маккажўхори думбули истеъмол қилишдан олдин яна қайнатиб олинади. Туз сепиб дастурхонга тортилади. Салат тайёрлаш учун ҳам музлатилган маккажўхорини қайнатиб олиб, сўнг пичоқ билан донлари ажратиб олинади. Маккажўхоридан тўйимли ва пархез салат тайёрлаш мумкин. Бунинг учун 100 грамм гуруч яхшилаб пиширилади. Гуручда ҳеч қандай сув қолмаслиги керак. Сўнг унга маккажўхори, бодринг, қизил лавлаги, савзи ва кўк пиёз қўшиб аралаштирилади. Салатга бир оз майонез қўшиб аралаштирилади. Озиш ниятида юрганлар эса майонез ўрнига ўсимлик ёғи ёки зайтун ёғи аралаштиришлари мумкин. Булар майонездан кўра фойдалироқ. Бу салат ҳам тўйимли ҳамда дармодориларга бой.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top