MP3

Хитой. 1980 йиллар. Биродар Йун ҳақида гувоҳлик. Бизнинг оиламиз бой эмасди. Мен, укам ва синглим мактабда ўқирдик. Эсимда ўша пайтда ўн ёшда эдим. Отам қаттиқ касал бўлиб қолди. Ҳозир отам ҳақида ўйласам, унинг ҳам қаттиқ қўл ҳам меҳрибон эканини ҳис қиламан. Отамни маҳаллий докторларга кўрсатдик. Бор пулимизни ишлатиб бўлдик. Бормаган табиб ва аъзайимхонларимиз қолмади. Докторлар умид йўқ дейишди. Ўшанда бир куни онамнинг ичкари хонага кириб олиб, кўзларида ёш билан Худога илтижо қилаётганини кўрдим. Ойим ҳаммамизни тўплаб: «Келинглар отангизни тузалишини сўраб, Исо Масиҳга ибодат қиламиз. У бизнинг илтижоларимизни эшитади», — деди. Ўшанда биринчи марта Исо Масиҳ деган исмни эшитдим. Кейинроқ ойимдан У ҳақида суриштирдим.

Ойимнинг ўзи ҳам У ҳақида кўп нарса билмас, аммо Унинг гуноҳлардан озод қилиш ва қийналганларга ёрдам бериш қудрати борлигини биларди ҳолос. Ойим менга: «Бир пайтлар имонлилар билан бир неча марта учрашганман, бироқ Масиҳ ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасман, фақат Унинг Муқаддас Китоби Инжил борлигини биламан холос. Имонлилар ўша Инжилдан Унинг сўзларини ўқийдилар», — деди. Мен ойимдан менга Инжил топиб беришини сўрадим. Бироқ ҳукуматдагилар Инжилга ва масиҳийларга қарши чиққани учун ўша пайтда қишлоғимизда Муқаддас Каломга эга бўлган масиҳийлар йўқ эди. Умуман масиҳийларнинг ўзини топиш ҳам мушкул эди. Мен ўша кундан бошлаб, Худога Инжил топиб беришини сўраб илтижо қила бошладим. Ҳеч нарса емадим.

Менинг ҳеч нарса емай, фақат телбаларча бир хонада ўтириб ибодат қилаётганимни кўрган оиламдагилар мени жинни бўлиб қолди шекилли, деб ўйлашди. Кундан – кун ҳолим қуриб қолаётган бўлса ҳам, илтижойимни ва рўза тутишни тўхтатмадм. Бир куни кечаси туш кўрдим. Тушимда икки киши менинг олдимга келиб, нон бериб кетишди. Улар менга: «Агар сенга Китоб керак бўлса, фалон қишлоққа бориб фалончини сўра. Унда сен излаётган нарса бор», — дейишди. Тонгда уйғониб кетдим. Кўрганларим тушдан кўра ҳақиқийга ўхшарди. Шу куни ота-онамдан қўшни қишлоққа бориб келишга рухсат олдим. Кетаётиб ойимга тушимда кўрган икки киши келса мени кутиб туришларини айтинг, деб тайинладим. Хатто уларнинг қандай кийимда эканликларни ҳам айтдим. Негадир уларнинг келишига қаттиқ ишонардим.

Велосипедда йўлга тушдим. Тушимда айтилган чолни топдим. Ундан: «Сизда Муқаддас Китоб бор экан деб эшитдим. Уни менга беринг илтимос» — деб сўрадим. Бироқ ҳукумат кишиларидан қаттиқ қўрқиб қолган чол, менинг гапимга ишонмади. Менда китоб йўқ – деб туриб олди. Охири тушимда кўрганларимни ва яқин кунлар ичида бошимдан ўтказганларимни айтиб берганимдан сўнггина, мени уйига таклиф қилди. Сўнг қалин матога ўралган бир нарсани олиб чиқиб: «Мана ўша сен излаган Нон. Эҳтиёт қил, йўқотиб қўйма. Мендан олганингни бировга билдирма», — деб тайинлади. Ўша куни хурсанд бўлиб уйга қайтдим. Қайтганимда онам ўша тушимда кўрган икки киши келганини ва яна келишларини айтди. Ўша кундан бошлаб отам учун қаттиқ ибодат қилдим. Аста секин Муқаддас Китобни бир бошдан ёдлай бошладим. Худонинг қудрати билан отам ҳам тузалиб кетдилар. Бу ҳаётимда кўрган биринчи мўъжиза эди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top