3:29

Одоб нима?

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Киши ўз боласига одобдан кўра афзалроқ нарса адо этолмайди. Одоб нима ўзи? Одоб бу ёқимтойлик, кишиларнинг кўзига ботмаслик, сўз, ҳаракат билан одамларнинг кайфиятини кўтариш, ҳаттоки яхши хулқ билан яхши ишларга рағбат беришдир. Одоб бу шунчаки юзаки хулқ-атвор эмас. Кишининг яхши ички дунёси, покдил қалби, солиҳона руҳияти ҳам одобдир. Одоб сенга хезланиб турган одамни ҳалимлик билан жаҳлдан тушириш, душмандан фориғ бўлиш, одамларга севимли бўлиш илмидир. Одоб кишилар орасида тинчлик, тотувликни таъминлайдиган ва Худога маъқул фазилатдир. Инсондаги гўзал хулқни яхши мактабларда ўқитиб, сара китоблар мутолаа қилдириб ёки кундалик панду насиҳатлар билан яратиб бўлмайди, бу ҳаракатлар билан унинг фазлилга фазл қўшиш, яхши томонларига янада ишлов бериш мумкин холос.

Боланинг одоб пойдевори унинг наслу-насаби, ота-онасидан узатилаётган намуналардадир. Юқорида айтиб ўтганимиздек, киши ўз боласига одобдан кўра афзалроқ нарса қолдиролмайди. Биз эса иморат қолдириш, мол қолдириш, пул қолдириш орзусида яшаймиз. Шу ишнинг ижросига калламиз билан шўнғиб кетамиз, тажанг қайтамиз. Қошу қабоғимизга қараб, болалар шўрлик оёқларининг учида ҳўв наридан айланиб ўтадилар. Улар бир неча кунлаб бизни кўрмасликлари мумкин. Худди сиртдан ота-оналик қилаётганга ўхшаймиз. Чиройли салом бераётганлари, айтган ишимизни югургилаб қилаётганларидан таскин топамиз, «Болаларимиз ёмон эмас», — деб қўямиз. Аммо ҳаёт салом бериш, чиройли ўтириб-туришдангина иборат эмас-ку! Эрта туриб индинга уларни «ҳаёт» деган денгизга қўйиб юборамиз.

Минг чиғириқдан ўтиши, минг хил одам билан муомала қилиши керак бўлади. Сиз фарзандларингиз «ҳаёт» денгизига мустақил чиққанларидан кейин ҳам, бошқаларнинг таъсирига тушиб қолмасликларига, сиз ўргатган йўлдан юришига ишончингиз комилми? Бу дунёнинг ярамасликларига қарши тура оладими? Ҳеч қайсимизда бу саволга дуруст жавоб йўқ. Қани айтинг-чи, бармоқ билан саналадиган яхшилардан ташқари, қайси биттамиз болаларимизни гўзал хулқли қилиш учун ҳар биттасига алоҳида тарбия режасини туздик. Ҳар бир фарзанднинг характери ҳар хил. Уларнинг ҳар бирига ўзларига мос тарбия усули билан ёндошиш керак. Тузган режаларимизга тинимсиз амал қилаяпмизми? Ҳаммамизнинг бошимиз бирдек ҳам. Биродар, болаларни одобли қилишнинг ягона йўли бор – одобли бўлишнинг қандайлигини уларга ўзимиз ижро қилиб беришимиз керак, тамом!

Қани энди ўзимизга бир нигоҳ ташлайлик-чи! Қайси бир куни элга хизмат қиладиган поликлиникага ишим тушди. Доктор қабулига кириш учун навбатда турдим. Беҳосдан мендан сал нарироқда ўтирган онахон билан ўғлининг гапларини эшитиб қолдим. Аниқроғи ўғли гапирарди, она эса мунғайиб тингларди. Ўғли башарасини муздай қилволиб, унга нималардир деб тўнғилларди. Қулоғим зардали гапларни илғай бошлади: «Олиб бор деб турволдиз-а! Бу эшикларнинг тагида яна қанча кутишим керак. Мени ҳам ишдан қолдирдингиз. Энди сиз билан докторма-доктор юришим қолувди. Ана навбатиз келди, туринг». Ўғил онасига силтаб силтаб гапирарди. Онаси эса жуда мулзам эди. Хўш бу болани ким бундай қилиб ўстирди. Албатта ўша мунғайган она. Азизлар сизнинг ҳам фарзандингиз шундай бўлмаслиги учун ҳозирданоқ тадоригингизни кўринг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top