Қуртлар ёки гижжалар тиббиётда глистлар ёҳуд гельминтлар деб ҳам юритилади. Улар одам, ҳайвон ва ўсимликлар организмида яшашга қодир бўлган хасталиклар келтирувчи паразитлар. Гельминтларнигн 250 дан зиёд тури мавжуд бўлиб, улар организмга сув, сабзавот, кўкатлар, ўрин-тўшак, чанг зарралари орқали юқиши мумкин. Одам хом нарса, чала пишган гўшт, балиқ, қисқичбақа истеъмол қилганда ҳам гижжалар тери шиллиқ пардалари орқали танага ўрнашиб олиши мумкин. Ундан ташқари тозаликка кўпинча риоя қилмаслик, турли паррандалар, мушуклар, итлар билан ўйнаш, қўлларни ювмасдан овқатланиш кабилар натижасида турли хил микроблар организмга ўтади ва оқибатда гижжа кўпаяди. Гижжа кўпроқ ёш болаларнинг организмида, ўзига қулай шароит топади ва кўпаяди.
Гижжаси бор болалар кечаси кўп безовталанадилар, иштаҳалари бўлмайди ва инжиқланиб қолишади. Чунки организмда сингиши лозим бўлган моддаларнинг кўп қисмини гижжалар ўзлаштиради. Бундай болаларнинг ахлати кузатилса, уларда майда гижжаларни кўриш мумкин. Гижжаларни тушириш бола соғлиғини тиклашда ва унинг вазнини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Гижжалар одам баданидаги барча тўқималарни жароҳатлайди. Жумладан одам ичакларида аскарида деб номланадиган юмалоқ гижжа, острица-карлик гижжаб туклибошб қийшиқбош мол гижжасиб чўчқа гижжаси кенг тасма деб аталадиган гижжалар ҳам бўлиши мумкин. Айниқса ўт пуфаги йўлларида жигар қурти ин қўяди. Ришта ва бошқа хавфли касалликларни қўзғатувчи гижжалар тери остига жойлашади.
Мушакларда трихинеллалар, лимфатик томирларда – филяр, вена қон томирларида – шистосом гижжалар бўлади. Гижжалар қайси аъзога тушса, ўша аъзодан озиқланаверадилар. Улар бир неча ҳафта, ҳаттоки қирқ йил ва ундан ҳам кўпроқ яшаши мумкин. Бундай пайтда беморда умумий беҳоллик кузатилади. Тинка мадори қурийди, иштаҳа пасаяди ёки кўтарилади, озади, сўлаги оқади, киндик атрофи, ўнг томондаги қовурғалар ости оғрийди, боши айланади, бемор тажанг бўлиб қолади, уйқуси бузилади. Баданида шиш пайдо бўлади, бетоқатланиб гоҳо ҳушидан кетади. Гижжа касалига чалинган кишини аниқлаш қийин эмас. Халқ табобатида карам енгил сурги сифатида ёрдам беради. Гижжаси бор одамга карам уруғини аччиқ қилиб дамлаб ичиш тавсия этилади ва гижжалар 2-3 кунда тушиб кетади.
Карам уруғидан дамлама тайёрлаш учун оғзи ёпиладиган идишга бир чой қошиқ карам уруғидан солиб, устига 200 гр қайнаб турган сув қуйилади, бир оз тургандан кейин чорак стакандан наҳорда ичилади. Гижжаси бор болага саримсоқ билан эрмонни тенгма-тенг омухта қилиб дамламаси билан ҳуқна қилинса бола тинчланади. Иккинчи муолажа, бунда икки дона ўртача катталикдаги саримсоқ қиймаси, бир стакан майдаланган Сариқбош олинади. 2 стакан сут билан ёпиқ идишда 10 дақиқа қайнатилади, сузиб олингач илиқ ҳолида ҳуқна қилинади. Гижжаларни тезда йўқотишга ёрдам беради. Муолажа бир неча кун давом этади. Саримсоқ пиёзидан тайёрланган қайнатмани ичиш ҳам гижжа ҳайдашга яхши шифо беради. Тозалик, тиббий назария томонидан ҳам, эътиқод томонидан ҳам маъқулланадиган сифат. Худованд бизнинг қалб тозалигимизга эътибор қилиши билан бирга, жисмонан тоза бўлишимизни ҳам талаб этади.