3:26

Бирга муҳокама қиламиз

MP3

Бола қандай ёшда бўлмасин, ўзи танлашга ва танлаган йўлининг оқибатларини кўришга ўрганиши керак. Буни боланинг ёшига қараб амалга ошириши керак. Масалан: бола кўчага қайси ўйинчоғини олиб чиқишни ўзи танласин. Қуруқ жойдан ёки сувдан юришни ҳам ўзи танласин. Шундагина оқибатларини билиб олади. Эҳтимол баъзилар «агар болага танлаш ҳуқуқи берилса, у ҳар доим фақат кўнгил очишни: боғчага бормай кун бўйи телевизор қаршисида ўтиришни, мактабга бормасдан компьютер ўйинлари ўйнашни танлайди» — деб эътироз билдиришар. Аммо сиз нуридийдангиз бажара олишига ақлингиз етадиган танловни таклиф қиласиз, тўғрими? Суиистеъмол қилиш ходисаси рўй берганда эса қатъий оҳангда «Йўқ!» денг. Тўғр, қатъий қарорни фақат энг зарур ҳоллардагина қўлланг. Бошқа барча ҳолатларда биргаликда муҳокама қилиш усули маъқулроқ.

Айтайлик, болакай «Боғчага боргим келмаяпти», дейиши мумкин. Ота-онаси унинг бу қарорини эшитмаганликка олишлари ёки «Сендан ҳеч ким сўраётгани йўқ. Борасан, тамом-вассалом!» дейишлари мумкин эмас. Бола билан унинг туйғулари, ички кечинмалари ҳақида суҳбатлашиш, «Нимага боғчага боргинг келмаяпти? У ерда сенга нима ёқмаяпти? Боғчада сени биров ҳафа қилаяптими?» деб сўраш лозим. Боланинг жавобини эшитгач эса, ўзингиз ишга боришингиз шартлигини, боғча – болалар учун ўзига ҳос ишхона эканини тушунтиринг. Ўсмир ёшдаги қиз ота-онасига бугун дугонасининг туғилган куни эканини, шунинг сабабли уларникида тунаб қолишини маълум қилади. Агар бундай ҳол биринчи марта юз бераётган бўлса, «Майли, қола қол!» ёки «Йўқ, асло мумкин эмас!» қабилида жавоб қилиш нотўғри бўлади.

Яхшиси, қизингиздан «Меҳмондорчилик тугаганидан сўнг яна тунаб қолиш нима фойда? Мезбонлар нима дейишаркин? Балки сени олиб келгани борганимиз маъқулдир? Нима учун у ерда қолгинг келаяпти? Туғилган кунда яна кимлар бўлади?» каби саволларни сўраш мақсадга мувофиқ эмасмикин… Исталган ёшдаги бола билан дилдан очиқ суҳбатлашиш ҳеч қачон зарар қилмайди: сиз фақат бир-бирингизга яқинроқ бўласиз, холос. Ахлоқ-одоб мавзуидаги маърузалар ва катталарнинг босимисиз ўтган кенгашдан сўнг ягона қарорга келасиз. Айниқса ўсмир ёшида болаларни сиқувга олиш, узундан-узоқ ахлоқ-одом мавзуидаги маърузаларни ўқиш, болани ота-она билан суҳбатлашишдан бездиради. Болангиз бирор нарса қилишга ёки боришга рухсат сўраганида у ерга бориш маъқул эмаслигини билсангиз, буни саволлар ёрдамида унинг ўзи аниқлаштириб олишига ёрдам беринг.

Албатта боланинг кичиклигида мустақил фикрлашга мустақил иш қилишга ўргатиш учун сабр-тоқат зарур бўлса, бола ўсмир ёшига етганида унинг фикрлашига саволларингиз орқали тўғри йўналиш бериб, ҳиссиётларини ҳақорат қилмаган ҳолда тўғри ечимга келиш зарур бўлади. Бунда ота-онадан ҳам сабр-тоқат ҳам донолик талаб этилади. Ундан ташқари ўсмир болалар унинг учун энг яхши дўст ота-онаси эканини билишлари лозим. Бунинг учун нега унга ортиқча пул бермаслигингизни, нега кеч бўлганда кўчага чиқармаслигингизни, нега уни бутунлай ўз эркига ташлаб қўймаслигингизни яхшилаб, мисоллар билан тушунтиринг. Ўсмир фарзанд билан суҳбат самимий ва қизиқарли бўлиши керак.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top