Ассалому алайкум қадрли биродарлар. Бугун у ҳақида бўладиган ҳикоямиз, аниқроғи суҳбатимиз жуда қизиқарли бўлади. Мен ҳам бу пайғамбар ҳақида гаплашишни, унинг ҳаётидан ўрганишни жуда ёқтираман. У деётганимиз Илёс пайғамбардан кейин Исроилда хизмат қилган Юнус пайғамбардир. Юнус тарихий шахс. Унинг тарихий шахслигига аслида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Чунки Муқаддас Каломнинг ҳақиқийлигига ишонган ҳар бир киши, ундаги шахсларнинг тарихийлигига шубҳаланмаслиги керак. Бироқ баъзан дунёвий фикрлайдиган кишилар Юнус пайғамбар китобида ёзилган воқеаларга шубҳа билан қарайдилар. Масалан, қандай қилиб балиқ одамни тириклай ютиб юбориши мумкин. Ютиб юборган тақдирда ҳам у одам балиқнинг қорнида ҳазм бўлмай, уч кеча-ю, уч кундуз тирик қолиши мумкин? Бу каби антиқа ҳодисага ишонмайдиганлар қаттиқ адашишади.
Агар орангизда шундайлар бўлса, бизни диққат билан тинглашда давом этинг. Ҳозирги айтиладиган маълумотлар сиз учун фойдали бўлиши аниқ. 1938 йилда «Коронет» газетасида «У Юнус ролини ўйнади», деган мақола чиққан. Унда ёзилишича Жеймс Бартлей деган киши 1891 йилда «Шарқ Юлдузи» кемасидан йўқолган. Баҳайбат кит бу кемани ағдариб юборгач, кема Фалкланд ороллари қирғоғига келиб қолган. Кема ҳалокатига сабаб бўлган кит ўлдирилган. Китнинг қорнини ёриб кўришганида унинг ичидан йўқолган Бартлейни топишди. У балиқ қорнида хушсиз ётарди. Тўрт ҳафта уни шифохонада даволашди. Ўзига келгач эса воқеанинг қандай содир бўлганини эслайди: «Бирданига ўзимни юмшоқ бир жойда кўрдим. Мен атрофга қарадим. Ҳамма томоним пушти ва оқ рангли бир нарса билан ўралган эди.
Кейин эса аста-секин пастга сирғалиб кетаётганимни сездим. Шундагина кит мени ютиб юборганини англадим. Пастга сирғалар эканман, китнинг организми мени сиқиб пастга итараётганини ҳис қилдим. Сиқилиш оғриқли эмас эди. Кейин эса ўзимнинг бўйимдан ҳам катта бир ҳажмдаги қоп ичига тушиб қолдим. Бу қоп деганим бутунлай қоронғу эди. Бақирдим, ёрдамга чақирдим аммо фойдаси бўлмади. Кейин эса хушимни йўқотдим». Бу воқеа Юнусни Кит ютганига ишонмайдиганлар учун эди. Агар биз Худонинг Каломига ишонсак, Юнуснинг тарихий шахслигига ва уни чиндан ҳам баҳайбат балиқ ютганига ишонишимиз керак. Юнус Исроилда Йеребоам 2 ҳукмронлик қилган пайтда яшаган. У ҳар томондан сиз билан бизга жуда ўхшаб кетади. Унинг биздан ҳеч қандай ортиқ ва кам жойи бўлмаган деб ўйлайман. У Худога ишонган шахс бўлгани ҳолда ўз қўшнилари ҳақида ёмон фикрда эди.
Фақат Юнус эмас ўша даврдаги Исроилликларнинг ҳаммаси қўшниси бўлган Найнаво шаҳри аҳолисини ёмон кўрарди. Исроилликларга қилган ёмонликлари туфайли улардан нафратланишар ва Худонинг энг қаттиқ жазосига лойиқ кўришарди. Юнус ҳам шундай исроилликлардан бири эди. Худо Юнусга Найнаво шаҳрига бориб, у ердагиларни огоҳлантириш вазифасини юклади. Юнус Найнаволикларга бўлган нафрати туфайли Худонинг амрини бажаришдан бош тортди. Худони жуда яхши билишига қарамай, Унга қарши итоатсизлик қилди. Агар биз ҳам ўзимизга назар соладиган бўлсак, Худони билиб туриб, кўп ҳолларда унга қарши иш қиламиз. Юнус ҳақидаги ҳикоямиз ҳали ниҳоясига етгани йўқ, бизнинг кейинги суҳбатимизни тингласангиз ҳозиргидан ҳам қизиқарлироқ маълумотларга эга бўласиз.