Ассалому алайкум. Бугун сизлар билан Юнус ҳақидаги энг муҳим ва қизиқарли маълумотларни бўлишамиз. Бу маълумотлар ҳар бир имонли учун фойдали бўлиши шубҳасиз. Юнус Китоби Эски Аҳд китоблари ичида башоратлар китобига кирмайди. Аммо уни пайғамбар ҳикояси китоби дейиш мумкин. Бу Худони яхши билган, шунга қарамай Худо каломига итоатсизлик қилган киши ҳақидаги ҳикоядир. Юнус Жалиланинг Насро шаҳарчасига яқин бўлган Гат-Хўфир деган жойдан эди. Исо Масиҳ давридаги Фарзийлар Муқаддас Каломдаги бу маълумотни назардан қочиришган. Чунки улар: «Насро шаҳарчасидан ҳали бирорта ҳам пайғамбар чиқмаган», — дейишганди. Юнус ўз пайғамбарлик ишини Элишадан кейин бошлаган.
Баъзи Яҳудий кишиларнинг маълумотларига қараганда у Илёс пайғамбар тирилтирган болакай бева Зарафатнинг ўғли. Худо Юнусга муҳим топшириқ – Найнаво шаҳрига бориб, у ердаги кишиларни Худонинг қаҳридан огоҳлантиришни берганди. Бироқ Юнус Худонинг бу амрига бўйсунишни истамади. Худонинг бу иши тўғри эмас деб ҳисоблади. Чунки Исроил ҳалқига кўп ёмонликлар қилган, ҳар доим душман бўлиб келган ҳалққа мурувват қилиш эмас, жазолаш керак деб ўйларди. Юнус бошқа исроилликлар каби Найнаволиклардан нафратланар ва уларни Худонинг энг дахшатли жазосига муносиб деб биларди. Кўрдингизми, Юнус ҳам сиз билан бизга ўхшаган бир киши бўлган. Агар у биздан кўра бошқачароқ ва илоҳийроқ бўлганида, ўз душманини ҳар қандай ёвуз ишларига қарамай, севган, Худонинг амрини хурсандчилик билан бажарган бўларди.
Бироқ ундай қилмади. У ҳам оддий одам эди. Унинг ҳам имонли сифатида ўз заифликлари, хатолари бор эди. Хўш энди савол берамиз? Нега Юнус Худога итоатсизлик қилди? У ёмон киши эдими? Йўқ, аксинча у кемадаги ҳалокатдан кейин денгизчиларга: «Мени денгизга отинглар, шунда ҳаммаси ўз жойига тушади. Бу фалокат мени деб бўлаяпти», деган эди. У характери кучли, қайсар, кучли киши эди. У Худонинг хато қилишига йўл қўймаслиги учун қаттиқ ҳаракат қилди. У Худо нотўғри қилаяпти. Ассирияликларнинг Исроилга қилган иши учун жазо олишлари табиий, уларни кечириш мумкин эмас, деб ўйларди. У Худога қарши чиқишдан қўрқарди, бироқ шундай бўлса ҳам Худодан қочди. Ассирия Медитерран қирғоқлари бўйида жойлашган давлат эди.
Ассирия бир неча авлодлардан буён Исроилга қарши бўлиб, жанг вақтида асир қилиб олган исроилликларни даҳшатли азобларга соларди.
Шунинг учун ҳам ҳар бир исроиллик худди Юнус каби фикрларди. Чунки Найнаво вайрон бўса Исроил душмандан қутуларди. Юнус Худонинг меҳрибонлигини биларди, шунинг учун ҳам Найнаво шаҳри аҳолиси унга илтижо қилса, бу ҳалқни омон сақлашини биларди. У итоатсизлик қилиб ўзига зиён келтиришини билса ҳам ҳалқининг омонлиги учун ўзини қурбон қилишга қарор қилди. У балиқнинг қорнидан туриб Худовандга илтижо қилди. Юнус Худога қарши итоатсизлик қилган бўлса ҳам, Худо уни эшитди. Унинг илтижоларини жавобсиз қолдирмади. У Юнусга яна бир имкон беришга қарор қилди. Биз ҳам Юнус каби Худонинг амрларини билган ҳолда итоатсизлик қиламиз. Бу итоатсизлигимизга тегишли жазо олганимизда эса, яна Худога илтижо қиламиз. Худо ўшанда ҳам бизни эшитади. У бизни кечиради, бироқ унга итоатли бўлишимизни истайди.