Ассалому алайкум қадрдонлар. Биз бугун ҳам Юнус пайғамбарнинг ҳаётига назар соламиз. Бунга сабаб бор. Мен Юнус пайғамбар ҳақида ўқисам, унинг нақадар бизга ўхшаб кетишини ўйлайман. Юнус пайғамбар ҳақида яна бир қизиқ маълумот бор. Нима учун Найнаво аҳолиси уни яхши кутиб олган деб ўйлайсиз? Ахир Юнус уларга бегона эди-ку? Унинг Исроиллик эканини ҳам яхши билган бўлишлари керак. Аммо шунга қарамай, Юнуснинг сўзларини эшитишди ва тавба-тазарру қилишди. Бунинг сабаби бошқа. Найнаво аҳолиси «Балиқ Худога» сиғинишган. Улар сиғинган худонинг ярми балиқ ярми одам қиёфасида бўлган. Улар худолари ўз халқини топиш учун денгиздан чиқиб келади деб ишонишган. Элчилар ҳам денгиздан келишарди. Уларнинг ишончига кўра Худо пайғамбарни денгиз орқали юбориши керак эди.
Ҳеч шубҳа йўқ-ки, Найнаво аҳолисининг кўпчилиги, Юнуснинг балиқ оғзидан чиққанига гувоҳ бўлишган. Шунинг учун ҳам Юнуснинг сўзларига қулоқ тутишган. Найнаво аҳолисининг ҳаммаси ҳатто шоҳи ҳам тавба тазарру қилишган.
Аммо бунгача, Юнус билан Худонинг ўртасида нималар бўлиб ўтганини биласизми? Юнус балиқ қорнидан чиққанидан кейин дарҳол Худо буюрган хизматга киришдими? Йўқ, у бир оз муддат «Худо ўз фикрини ўзгартирармикан», — дея бир тепаликда ўтириб кутди. У ҳали ҳам бу шаҳарнинг вайрон бўлишидан умидини узмаган эди. Худо ўз хизматкорига хато қилаётганини эҳтиётлик билан тушунтирди. Бир кечанинг ўзидаёқ, Худо ажойиб бир ўсимлик ўстирди. Юнус унинг соясида дам олиб, роҳатланди. Кейинги куни эса ўша ўсимлик қуриб қолди.
Юнус ўсимлик учун қаттиқ қайғурди. Худодан хафа бўлди. Юнус ўша биргина арзимас, бир кечада пайдо бўлган ўсимликка қайғурди-ю, Худо бутун бир халқ учун қайғурмасинми? Худо Юнуснинг хато қилаётганини шу йўл билан тушунтирди. Унинг нотўғри ватанпарварлиги, кўплаб инсонларнинг хаётини барбод қилиши мумкинлигини англатди. Юнус бағри тош инсон бўлган деб ўйлайсизми? Асло, йўқ! У ўз халқи учун жуда қайғурарди. . У халқига ҳам бошқаларга ҳам меҳрибон эди. Бироқ ўша ватанпарварлик ҳақидаги нотўғри тушунчаси, унинг меҳр кўзларини кўр қилиб қўйган эди. Энди бугунги кундаги имонлилар ҳаётига назар солсак. Ўйлаб кўринг. Сиз ҳам арзимас бир нарса учун қайғуриб, Худонинг буюк режасини кўролмаётгандирсиз? Юнуснинг ҳикояси бизга Исо Масиҳнинг«Душманларингизни ҳам севинглар», — деган буйруғини ёдга солади.
Худонинг фақат ўз фарзандларига эмас, ҳаммага бирдек меҳрибонлигини кўрсатади. Бу ҳикоя орқали ўзимиздаги худбинликни, тошбағирликни, миллатчиликни кўришимиз мумкин. Худо ҳар бир инсонга имконият беради. Сизнингча, бу огоҳлантиришдан сўнг, Найнаво аҳолиси бутунлай ўша ёвузликларини ташладими? Бундай бўлмаса керак. Бироқ Худо уларга имконият берди. Ўзгариши, бошқача ҳаёт тарзини танлаши учун имконият яратди. Танлаш эса ҳар бир одамнинг ўзига боғлиқ. Худо Юнусга итоат қилишни ўргатди. Уни итоат қилишга мажбурламади. Хато қилаётганини, хато ўйлаётганини ҳаётига мисоллар бериб, мулойимлик билан тушунтирди. Худо ўзгармаган. У ҳозир ҳам биз билан шундай йўл тутади. Хато қилсак, бизга хатоларимизни кўрсатади, тўғри йўлга қайтишимиз учун имкон беради. Сиз ҳам Муқаддас Каломдаги шахслар ҳаётидан ўрнак оласиз деган умиддамиз.