3:41

Эски Ахд кишилари

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Эски Ахд ва Янги Ахд китоблари бизнинг асосий нонимиз, Худони билишимиз йўлидаги энг асосий калитдир. Бу икки китоблар жамланмаси бир-биридан фарқ қилган ҳолда бир-бирини тўлдиради ҳамдир. Эски Ахдни олиб қарайдиган бўлсак, у одамлар учун боғча вазифасини ўтайди. Худди болакайлар мактабга биринчи синфга бориб, ёзув чизувга, ўқишга астойдил ўтгунига қадар, дунё билимларини ичига шўнғигунига қадар, уларни мактабга тайёрлайдиган, ёзиш, чизиш ва ўқиш ҳақида тушунча берадиган боғча кабидир. Эски Ахд бизга Муқаддас Руҳнинг ишларини тушунишимизга ёрдам беради. Биз имонлилар бугунги кунда Исо Масиҳнинг хочда тўкилган қони туфайли, Унинг нажоти билан бирга Муқаддас Руҳни ҳам қабул қилганмиз.

Narrator 2 Аммо Эски Ахд давридаги пайғамбарлар ва баъзи художўй кишиларнинг ҳаётида Муқаддас Руҳ вақтинчалик меҳмон бўлган ва қудрат билан ишлаган. Муқаддас Руҳ орқали пайғамбарлар Худо уларга берган вазифани аъло даражада бажара олишган. Улар шу ишни бажаришга лойиқ бўлишган деб ўйлайсизми? Масалан Мусо, Довуд ва Езекиел пайғамбарлар Худо уларга тайинлаган ишга лаёқатли ва қобилиятли бўлишганмикан? Менимча ундай эмас. Худо Мусога халқни қутқариш учун юбормоқчи эканини айтганида, Мусо ўзининг гапга нўноқлигини, халқни ўзини Худо юборганига ишонтира олмаслигини тан олган эди. У чиндан ҳам бу ишни ўз кучи ва қобилияти билан бажара олмасди. Бироқ Худо айнан уни танлади. Худо танлаган экан, Ўз ишини шу инсон орқали бажариш учун хизматига керакли бўлган ҳамма нарса билан таъминлайди.

Narrator 1 Қобилият, лаёқат, нотиқлик, ғайрат ва шижоатни ҳам. Худо Мусони танлаганида уни энг аввало Муқаддас Руҳ билан таъминлади. Муқаддас Руҳ орқали у хизматга керакли ҳамма нарсага эга бўлди. Худо сизни ҳам бирор иш учун танласа, ҳеч ҳам иккиланмай рози бўлаверинг. Қила олишингиз ёки қила олмаслигингиз ҳақида ўйлаб ўтирманг. Худо сизни танлаганининг ўзи катта шараф. Мусо пайғамбар бу хизматни олишга қўрққан. Чунки у Худонинг қудратига эмас, ўзининг кучига қаради. Довуд пайғамбарни ҳам бунга мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Довуднинг ўзи у ёқда турсин, ҳатто отаси ҳам Довудни шоҳ бўлишга лойиқ эмас, деб билган. У оиланинг энг кичиги, энг кўзга кўринмаси эди. Аммо Худо Довудни танлади. У аввал Довудни шоҳ қилиб танлади, унга Муқаддас Руҳни берди. Кейин эса Муқаддас Руҳ орқали шоҳликни бошқаришга керак бўладиган қобилият ва билим билан таъминлади.

Narrator 2 Езекиелни Худо пайғамбарлик қилишга чақирди. У қандай қилиб пайғамбар бўлиши мумкин? Муқаддас Калом Худо уни қандай танлагани ҳақида шундай деб ёзади: «Шоҳ Ëҳуёқим сургунлигининг бешинчи йилида, тўртинчи ойнинг бешинчи кунида Худонинг сўзи Бузининг ўғли руҳоний Езекиелга келди… Ўша ерда Худонинг қўли унинг устида эди.» Муқаддас Руҳ унга келиб, у қилиши мумкин бўлган ҳамма ишларда уни бошқарди. Унга керакли доноликни ҳам, қобилиятни ҳам, кучни ҳам берди.

Худо сизнинг ҳаётингизда ишлар экан, сиз У истагандай яшашингиз, ишлашингиз учун сизга керакли кучни, сабр-тоқатни ва шижоатни ҳам беради. Бунга шубҳаланмасангиз бас. Азиз тингловчи сиз Муқаддас Каломдаги шахслар ҳақида кўпроқ билиб, уларнинг ҳаётидан ўрганишни истасангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз сизга бажонудил ёрдам беради. Марҳамат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top