MP3

Ассалому алайкум қадрли биродарлар. Суҳбатимизнинг бугунги қаҳрамони пайғамбар Амос. Бу пайғамбар машхурлардан бўлмаса ҳам Худо учун муҳим вазифани бажарган шахс ҳисобланади. Муқаддас Каломни диққат билан ўқисангиз, пайғамбарларнинг вазифаси деярли бир хил бўлганини кўрасиз. Улар гуноҳ, айблаш, яқинлашиш, ҳукм қилиш, тавба қилишга чақирув, ва қайта тиклаш учун ваъда ҳақида хабар келтиришган. Амос 10 та қабиладан иборат халққа хизмат қилган. Худо билан ахдлашган халқнинг бу гуноҳлари бориб турган қабиҳлик эди. Халқнинг Худонинг йўлидан четга оғгани, Унинг қонунларига итоатсизлик қилгани учун Худо уларни маъжусийлардан кўра қаттиқроқ жазога муносиб кўрди. Чунки маъжусийлар Худони билмаган, танимаган ҳолда гуноҳ қиладилар, Худонинг халқи эса Унинг мўъжизаларини кўрган, унинг лаззатидан баҳраманд бўлган, У билан ахдлашган ҳолда йўлдан оғиб гуноҳ қиладилар.

Айнан шунинг учун ҳам Худонинг халқи қаттиқроқ жазоланди. Бу ҳолат биз имонлиларга ҳам жуда мос келади. Имонли Худони билгани ва танигани ҳолда гуноҳ қилса, унинг жазоси оғирроқ бўлади. Бошқалар гуноҳ қилса ҳам бу қадар қаттиқ жазоланмаслиги мумкин. Билмай гуноҳ қилганни узри бор, аммо билиб туриб гуноҳ қилганни жазоламасликнинг иложи йўқ. Амос эса ўша халқни тўғри йўлга қайтариш, акс ҳолда Худонинг жазоси муқаррарлиги ҳақида огоҳлантирди.

Амос пайғамбар ким? У асли қаерлик? Амос Жанубий Фаластиннинг тоғли шаҳари бўлган Текоалик эди. Текоа Байтлаҳмдан жанубидан 6 мил узоқликда жойлашган эди. У пайғамбар бўлишга тайёрланмаган ёки унинг бирор пайғамбар устози ҳам бўлмаган. У ўзи ҳақида каломда берган маълумотларига кўра, у чўпон ва сикрамур терувчиси бўлган.

Сикрамур бу ёввойи анжирнинг бир тури бўлиб, то уни эзиб қўймагунча пишмайди. Амос оддий ишчи бўлса ҳам Худованд уни Ўзининг элчиси бўлишга чақирди. У очиқ ҳавода, табиат қўйнида яшашга ўрганган, шунинг учун ҳам тунда осмонда юлдузлар чарақлаган пайтда Худога қулоқ солиб, У билан муносабатда бўлишни ўрганди. Бизнинг орамизда ҳам оддий ишчилар, кўп. Аммо Худо кишининг вазифасига эмас, қалбига қулоқ тутишини Амос пайғамбар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. У пайғамбарликка ўргатилмаган бўлса ҳам, Худонинг чақириғидан кейин, аста-секин ўрганиб олди. Биз ҳам Худо бизга берган топшириқни бажаришга аста-секин ўрганамиз. Бирор бир нарсада хато қилсак тушкунликка тушишнинг ҳожати йўқ. Худо бизни шу ишга лойиқ кўрибдими, демак ҳар доим Унинг ўзи бизга мададкор бўлади.

Агар Амос пайғамбар хизмати даврини кўриб чиқадиган бўлсак бугунки кун кишилари у даврни «Олтин Давр» деб аташади. Яҳудода Уззиё, Исроилда Йеребоам 2 ҳукмронлик қилаётган пайт шоҳликлар гуллаб яшнаган. Гарчи давлат гуллаган бўлса ҳам, халқнинг маънавий ва руҳий аҳволи ҳавас қилгулик аҳволда эмасди. Уларнинг руҳий аҳволи энг даҳшатли жазога муносиб эди. Айнан Йеребоам Исроилда иккита олтин бузоқ ясаттирди. Қуддусга бораётган ўн қабила кишилари ўша ерда қурбонлик қилишни одат қилиб олишди. Табиийки, Амос пайғамбар халқни ва шоҳни бу гуноҳнинг оқибати даҳшатли бўлишини огоҳлантирди. У халқ билан Худо орасида хабарчи бўлиб хизмат қилди. Бугун ҳам бизни огоҳлантирадиганлар бор, бироқ Худога қулоқ солиш ёки солмаслик бизнинг иҳтиёримизда. Қандай қарор қилсак ҳам, қилган қароримизга кўра ҳосилини оламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top