Одамнинг дастхатига қараб унинг жинсини, феъл-атворини ва ҳатто хасталикларини ҳам аниқлаш мумкин. Дастхат – бу қўлёзмага муҳланиб қолган одатий ҳамда автоматикага айланиб қолган ҳаракатлар тизимидир. Махсус текширувдан ўтаётган суперменга сирларини яширишда темир асаблар дош берса ҳам, унинг ёзуви эгасининг сирларини бошдан оёқ фош қилиб қўяди. Биринчи синф ўқувчисининг ажи-бужи ёзуви, лекцияни ёзиб олаётган талабанинг тезкор дастхати, ўзига ишонган раҳбарнинг муҳим қоғозларни тўлдирган салмоқли имзолари ва ниҳоят қарияларнинг қалтираган қўллари билан ёзилган эгри-бугри ёзуви. Шунинг барчасини дастхат ўрганувчи криминалитларнинг олдига қўйсангиз бу битта одамнинг ёзуви эканини дарҳол ишончли далиллар билан исботлаб беришади. Бу борада аёллар билан ишлаш анча осонроқ.
Гўзал жинс вакилларининг ёзуви анча ишончли ва дадил. Қизчани биринчи синфда қандай ёзишга ўргатишган бўлса, умрининг охиригача унда шу дастхат сақланиб қолади. Эркаклар эса йиллар ўтгани сайин ёзувини турлантириб нималарнидир кашф қилишни бошлашади. Шу хусусиятларга асосланиб ёзаётган одамнинг жинси аниқланади.
Хасталик одам ёзувида ҳам ўз изини қолдирар экан. Криминалист Паркинсон касаллигини дарров аниқлайди, чунки унда қоғоздаги қўлнинг қалтираган майда изи яққол кўриниб туради. Мия жароҳатини олган кишида ҳаракатларнинг ўзаро мувофиқлиги бузилади. Бемор ғадир-будир, қиррадор қилиб ёзишга ўтади. Керакли илмоқни ёзиш учун ҳам қаламни бир жойда бир неча марта юрғизади.
Ëзувни ўрганувчилардан хира кўрадиган кўзни ҳам яшириб бўлмайди. Арзимаган деталларга қараб ҳам мутахассислар ёзув эгаси кўзойнакда ёзганини ёки баъзи жойларида кўзойнакни ечиб кўзларини қисиб ёзганини бемалол айтиб беришади. Ëзаётган одамнинг ёзувига қараб унинг касбини аниқлаш ҳам мумкин. Лекин бунинг учун нафақат дастхат, балки ёзувнинг ўзига хос ҳусусиятларини одам ёзаётганида касбига алоқадор тафсилотларни, математик тенгламалар, иборалар ва хоказоларни қўшадими-йўқми текширишади.Графологларнинг айтишларича чиройли ҳусниҳат эгалари-ижодий инсонлар: рассомлар, артистлар, ёзувчилар, мусиқачилар экан. Ëзув одамнинг қоғоз ва қаламни қўлига олган вақтдаги ҳисларини ҳам намоён этади.
Ҳар қандай стресс, зўриқиш ва араз ёзувда ўз изини қолдиради. Масалан, Ватерлоо жанги олдидан ва жангдан сўнг Наполеон ўз командирларига берган ёзма буйруқлар остига имзо чеккан. Шу имзоларга қараб қайси бири ғалаба орзусида қўйилган, қайси бири жангдан кейин мағлуб бўлган аламнок одамнинг имзоси эканини айтиб бериш мумкин. Дунёда бир хил бармоқ излари бўлмаганидек бир-бирига ўхшаш ҳуснихат эгалари ҳам мавжуд эмас. Ҳатто эгиз ака-укалар ҳам бир хил ёзолмас эканлар; чунки феъл – атвори бир-бирига ўхшамагандан кейин ёзуви ҳам фарқ қилиши керакда. Айнан ёзувдаги индивидуаллик, ўзига хослик ва собитлик хусусиятлари изқуварларга одам ёзувини ўқишга ёрдам беради.