2:57

Ўзингизга ташхис қўйинг 2 қисм

MP3

Одатда кўпчилигимиз бирор бир дардга дучор бўлиб, касаллик авж олгандан кейингина шифокорга мурожаат этамиз. Агар киши ўзига ва яқинларининг аҳволига жиддий назар ташлаб турса, соғлиқ билан боғлиқ муаммоларни бошланишидаёқ сезса бўлади. Вақти-вақти билан тери, кўз ва тирноқларни текшириб туринг, ҳар куни кўзгуга қараб тилингизга разм солинг ва ана шунда сизга хавф солиши мумкин бўлган касалликни илк босқичидаёқ аниқлашингиз мумкин.

Кўз соққаси қизариб, қовоқлар яллиғланганда киши сурункали уйқусизлик касаллигига дучор бўлган. Кўз мушакларига ҳаддан ортиқ зўр бериш оқибатида кўз томирлари ёрилиб кетиши ҳам мумкин.

Кимёвий моддалар, атир ва гулларни ҳидлаганда ёки уй ҳайвонларига яқин турганингизда кўзингиз бирданига ёшланиб кетса, аллергияга мойиллигингиз бор-йўқлигини текширтиринг.

Юрак етишмовчилиги ёки буйрак билан муаммо туғилганда пастки қовоқлар ҳалпиллаб, яъни осилиб қолади. Кўз ҳалтаси катта ва шалвираб, кўк рангдаги майда-майда томирчалар сезилиб қолса, демак, бу одам спиртли ичимликларни кўп ичади. Юқориги шишиган қовоқлар бош мия томирлари склерозининг белгиси сифатида намоён бўлади.

Қалқонсимон без касаллигида кўз соққаси олдинга чиқиб, кўз чақчайиб қолади.

В гуруҳ витаминлари етишмовчилигида ёки организмда ҳимоя кучларининг камайиб кетиши оқибатида киприклар тўкилади.

Оилангиз аъзолари орасида ёш ва ўспиринлик даврини бошидан кечираётганлар бўлса, уларнинг кўз қорачиқларига алоҳида эътибор беринг. Гиёҳванд моддалар қабул қилувчиларда қорачиқ жуда ҳам кичрайиб кетади. Кенг қорачиқ, яъни кўзнинг рангдор пардасини деярли қоплаб турган бўлса, у ҳолда бу киши атропин гуруҳига мансуб бўлган гиёҳванд моддаларга «асир» тушган. Бироқ бир хилдаги кенг қорачиқлар узоқни яхши кўролмаслик ва гипертоник криз ҳолларида ҳам кузатилади. Тор қорачиқлар киши кучли оғриқдан азоб чекаётганидан сўзлайди.

Агарда фарзандингиз кўзини тез-тез пирпиратаётган бўлса, у ҳолда невропатологга мурожаат қилинг. Бу ҳолат неврознинг белгиси ҳисобланади. Тана аъзоларининг пир-пир учиши ҳам ҳудди шу касалликнинг аломатларидан саналади.

Қадимги вақтларда табиблар беморни кўздан кечираётганда тилини кўрсатишини сўраган ва бу анъана ҳозирги кунда ҳам одатий ҳол ҳисобланади. Тилда киши организмидаги кўпгина муаммолар кафтдек намоён бўлади. Шунинг учун ҳам ҳар куни ойнага қараб, тилингизни кўрсатинг ва унинг аҳволидан боҳабар бўлинг. Қошиқча ёрдамида тил илдизини тозалаб туриш керак. Овқат ҳазм қилиш аъзоларининг тозалиги ва соғлиги тилда акс этади. Бироқ тил бошқа аъзоларнинг ҳолати ҳақида ҳам сўзлайди. Иситмалаб қалтираганда ва организмнинг суви қочганда тил қуруқ бўлиб қолади. Нам тилда қуруқликни ҳис этиш эса ошқозонда муаммо борлигидан далолатдир.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top