2:38

Массаж билан даволаш

MP3

Ассалому алайкум қадрли тингловчилар. Сизлар билан бўладиган бугунги суҳбатимиз деярли ҳаммангизга манзур бўлади деган умиддамиз. Бирор жойингиз оғриб турган пайтда кимдир сизни уқалаб қўйса, жуда роҳат қиласиз-а, тўғрими? Уқалашни тиббий тилда массаж дейишади. Бугун айнан мана шу массаж ҳақида суҳбатлашамиз. Массаж ҳақида икки оғиз айтиб ўтсак. Массаж даволаниш ҳамда профилактиканинг қулай ва самарали усули экани қадимдан маълум. Унинг шифобахшлиги қадимги Хитой табибларига эрамизгача уч минг йил аср илгари маълум эди. Қадимги Юнон ҳамда Рим тиббиётида кўпгина касалликларни даволашда массаждан фойдаланилган. Ўзимизда ҳам массаж кенг қўлланилар эди.

Эсингиздами, “Майсаранинг иши” бадиий фильмида Майсаранинг кўнглини олиш учун ёшроқ кўринишга уринган Мулла Дўст ҳаммомга бориб, массаж олади. Массажнинг «сеҳри” мункиллаган чолни тетик қилиб қўйган эди. Массажнинг организмга таъсири кўп қирралидир. Маҳоратли қўллар аниқ ҳаракат билан терининг асаб толаларига таъсир этади. Бу таъсир эса асаб толалари орқали бош мияга бориб, ундан турли ички аъзоларга тарқайди. Улардаги носозликларни бартараф этишга ёрдам беради. Массажни қўл билан ёки махсус асбоб билан бажариш мумкин. Айниқса, ҳозир бозорларда турли шаклдаги массаж қилиш асбоблари кўпайган.

Массаждан шишларни камайтириш, лат еган соҳалардаги ўзгаришларнинг олдини олиш, мушаклардаги оғриқларни камайтириб, таранглигини ошириш, тери қариши ҳамда сўлишининг олдини олиш учун кенг қўлланилади. Массажнинг шифобахшлик сири танадаги қоннинг айланишини яхшилашидир. Бу муолажа ҳам жисмоний, ҳам руҳий толиқишни тарқатиб, кайфиятни кўтаради, асабларни тинчлантиради. Шунингдек, уйқусизликда ҳам қўл келади. Энг асосийси иммун тизимини мустаҳкамлайди. Ишда, ўқишда китоб-қоғозга термулиб, эгилиб ўтирасиз, баъзан соатлаб компьютер олдидан турмайсиз. Бундан елкалар, умуртқа, бўйин, мушаклар толиқади.

Улар керишиш, уқаланишга зор бўлади. Бош оғриғи ҳам айнан бўйин мушакларининг зўриқишидан келиб чиқади. Бундай пайтларда оғриқни қолдирувчи дорилар ичишга ошиқманг. Аввалига хавфсиз, лекин ёқимли ва фойдали усул массажни қўллаб кўринг. Айниқса, шаҳарликлар камдан-кам жисмоний меҳнат қиладилар. Негаки турли идора-ю, бозорлардаги иш кишидан жисмоний ҳаракатларни талаб этмайди. Боз устига, шаҳарнинг ифлосланган ҳавоси, экологик тоза бўлмаган маҳулотлар, ҳаммаси жўр бўлиб, организм фаолиятининг сусайишига олиб келади. Массаж ҳақида кейинги суҳбатларимизда кенгроқ маълумот берамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top