Ассалому алайкум. Бир куни одам орқасидан баҳайбат йўлбарс қувлабди. Қочишга шайланган одам жарликка йиқилибди, аммо бахтига бир дарахтнинг илдизига илиниб қолибди. Пастга қараса, жарлик тубида уни яна бир йўлбарс кутиб турибди. Шу пайт дарахт олдидаги индан сичқон чиқиб, дарахт илдизини кемира бошлабди. Дарахт қулашига бир баҳя қолганида одам ёнгинасида ўсаётган ёввойи қулупнайга кўзи тушибди. Ўша заҳотиёқ уни узиб ебди. Шу жойда қиссамиз тугайди. Одатда уни ҳар ким ўзича тушунади. Сиз-чи уни қандай изоҳлайсиз? Қиссадан ҳисса шуки, биринчи йўлбарс – бу одамнинг ўтмиши (инсон ундан қочишга уринса-да, баъзан унинг таъқибидан қутулолмайди);
Иккинчи йўлбарс – инсоннинг келажаги бўлиб, (одам келажакда нималар бўлишидан чўчийди); Дарахт илдизи — бу ҳаёт, сичқон – қайтариб бўлмас умримиз, бешавқат вақт; Ëввойи қулупнай эса – ҳозирги борлиғимиз. Қиссамиз қаҳрамони қулупнайни еб ўтмишини унутди, эртанги муаммоларни ўйламай бугунги кун билан яшаш лозимлигини тушунди. Сизнинг аҳволингиз қанақа? Асабларингиз тарангми? У ҳолда қуйидаги маслаҳатларимизга қулоқ тутинг:
Қўлингизга қалам ёки ёнғоқ олиб кафтларингиз орасида уни тинмай ҳаракатлантиринг. Қўлингизда ёқимли иссиқликни сездингизми? Қаламни олинг-да, орқа-олдинга, ёнғоқни эса айлана бўйлаб ҳаракатлантиринг.
Бу оддий машқ сизни чалғитиб тушкунликдан ҳалос бўлишингизга ёрдам беради, асабларни бўшаштиради, одамни тинчлантиради. Безовталаниш, жизғанаклик каби ҳислатлар бир оз чекингандек бўлади.
Асабийлашганда, жанжал пайтида одам тез-тез, юзаки нафас олади. Бундай пайтда ўзингизни ҳақлигингизни исботлашга уринмай, тинчланишга ҳаракат қилинг. Жанжал суронлар ҳали ҳеч кимга фойда бергани йўқ. Шундай экан, тезроқ тинчланишга ҳаракат қилинг. Чуқур нафас олиб, чиқараётган нафасингизни гўё ҳаво тўлдирилган пуфакка қиёсланг. Шу пуфак ичига рақибингизга нисбатан адоват, ғазаб, хафагарчиликларингизни ҳаёлан жамлаб нафас чиқаринг. Энди яна чуқур нафас олиб, пуфакнинг сиздан узоқ-узоқларга учиб кетганини тасаввур қилинг. Қарабсизки, сизни чулғаб олган муаммолар энди йўқ.
Товонларни уқалаш машқи ортиқча асабийлашиш, жазавага тушиш каби ҳолатларда ёрдам беради. Бунинг учун ўриндиқ ёки юмшоқ курсига ўтириб оёқларингиз остида коптокча, таёқ ёки массажёрни думалатинг.
Кўп асабийлашадиган, беҳудага жанжал кўтарадиган инсонлар таналаридаги қуйидаги нуқталарни уқаласалар, тезроқ тинчланадилар: пастки жағнинг ўртасидаги жойни, кафтларнинг бош ва кўрсаткич бармоқ орасини уқаланг.
Кафт бармоқларини устма-уст қўйиш машқи асабларни тинчлантиради, диққат-эътиборни жамлашда ёрдам беради: бунинг учун ўнг қўлнинг тўртинчи бармоғини чап қўлнинг бешинчи бармоғи устига, чап қўлнинг учинчи бармоғини тўртинчи бармоқ устига қўйилади ва ҳокозо