Ассалому алайкум. Инсоннинг оптимист ёки пессимист бўлишига оиладаги муҳит, тарбия ҳам таъсир қилади. Ҳар биримиз фарзандларимизнинг биздан-да ақлли, ҳаётда омадли бўлишини истаймиз. Бу орзулар амалга ошиши учун уйдаги муҳитни ижобий томонга ўзгартиришимиз керак. Болангизни руҳий тушкунлик ҳиссидан ҳалос қилишни истасангиз, ҳаётнинг ҳар бир дақиқасидан қувонишга, бўлиб ҳар бир воқеага ижобий фикр билдиришга ўргатинг. Ота-онанинг ўзига, ҳаётга бўлган ишончи албатта фарзандларида акс этади. Оптимист болалар доимо яхши кайфиятда бўлиб, бошқаларга нисбатан жисмонан фаол, қувноқ бўладилар. Кичкинтойингизни эрталаб чиққан қуёшдан, ойиси пиширган кулчадан, олган «беш» баҳосидан чин дилдан хурсанд бўлишга ўргатинг.
Унинг кичик дунёсида учрайдиган муаммолар; ўқитувчисидан дакки эшитиши, йиқилиб тушиши, ва ҳокозолар фақат ўткинчи эканини тушунтиринг. Боланинг ҳаётдан завқ оладиган хушчақчақ инсон ёки одамови бўлиб улғайиши айнан ота-онага боғлиқлигини унутманг. Шифокорларнинг фикрича, оптимизм – инсон саломатлигининг асл таянчи ҳисобланади. Оптимист ҳар қандай вазиятда ҳам табассум қилиши мумкин. Кулгу-табассум эса кучли дармондир. У ҳар бир воқеанинг ижобий тарафини топа олади, ҳаётидаги кичик муваффақиятларни нишонлашга, ўзини тақдирлашга уринади. Бу «муолажа»ларнинг ҳаммаси унинг ҳаётдан умидсизланмасликка чорлайди. Оптимист ҳар бир кунига шукрона айтади, тонг отганидан хурсанд бўлади, яқинларидан доимо миннатдор бўлади.
Бу ҳаракатлар билан ўзи билмаган ҳолда саломатлигини сақлаб, умрини узайтиради. Оғир вазиятда ҳам умидсизликка тушмаслик организмдаги кимёвий жараёнларга ҳам таъсир қилади. Бош мия томондан ажратиладиган эндорфин моддалари иммун тизимни қўзғатади. Бунда қондаги кортизол моддаси ўзгариб касалликларга нисбатан қаришлик кучи аввалгидан анча ошади. Олимларнинг бу фикрлари тадқиқотларда синалган. Масалан Данияда юрак хасталикларига чалинган 730 беморлар текширилган. Натижалар пессимистларда оптимистларга қараганда юрак хуружига чалиниш хавфи 70 фоизга, муддатдан аввал ўлиш хавфи эса 60 фоизга юқори эканлигини кўрсатди. Инсон умидсизликка берилса, тез тушкунликка тушса, сиқилса, қондаги адреналин ва кортизол миқдори кескин ошади. Адреналин қон босимини кўтаради, қоннинг тез қуюлишига ҳам шу «жиззаки» гормон сабабчи.
Кортизол эса танада ёғ қатламини ҳосил қилишда қатнашади. Бу хавфли бўлиб, юрак хасталикларининг ривожланишига қулай замин яратади.
Шифокорларнинг юрак ҳуружига кетма-кет чалинган 1250 та беморлар билан ўтказаган илмий тадқиқотлари диққатга сазовордир. Олимлар беморларни уч гуруҳга бўлишди: 1) ўта умидсиз инсонлар; 2) тушкунликка тушганлар; 3) кўнглини чўктирмайдиган оптимистлар. Ўн йилдан кейин биринчи гуруҳ беморларининг 50 фоизи оламдан ўтганлари маълум бўлди. Тадқиқотлар натижасида пессимистларнинг кўп тамаки чекишлари, руҳий касалликларга кўпроқ чалинишлари, бошқаларга қараганда кўпроқ шамоллашларини, юқумли касалликка чалинганларида даволаниш узоққа чўзилиши аниқланди. Бизнинг www.najot.com сайтимиздан истаган мавзуингизга оид маълумотларни топишингиз мумкин.