3:17

Қайноналар мактаби

MP3

Ассалому алайкум мунис оналар. Сиз жуда катта орзу-умидлар билан келин туширдингиз. Муборак бўлсин, қадамлари қутлуғ бўлсин! Илоҳи келинингизнинг севгиси, меҳр-муҳаббати сеп, фазилатлари тўла қалби хонадоннинг безаги бўлсин! Қадамида гуллар очилсин. Дунёда тўйнинг ширин ташвишларидан ҳам завқли, гаштли ишлар бўлмаса керак. Мана, ҳамма югур-югурлар, ҳаяжон, «Ишқилиб, қандай бўларкин» — дея изтироблар орқада қолди. Тўй оқшоми ўйлаганингиздан ҳам чиройли, файзли ўтди. Меҳмонлар энг яхши тилакларни айтиб-айтиб тарқалишди. Халқимизда азал-азалдан келиннинг илк бора янги хонадон аъзолари билан танишуви алоҳида бир байрамдек қабул қилинган. Бу маросимни фақат келинлар эмас, оила аъзолари ҳам энтикиб, ҳаяжон билан кутадилар.

Шунинг учун эрталабки нонуштани шундай ўтказингки, ҳам эсда қоладиган, ҳам тарбиявий аҳамиятга эга бўлсин, ҳам момоларимиздан қолган гўзал қадриятларимизнинг умрига умр қўшилсин. Келинчакнинг ота-онаси қанчадан – қанча эзгу ниятлар билан қизларига сеп, янги жиҳозлар, буюмлар тайёрлаб беришган. Улар фақат яхши кунларга хизмат қилсин! Эрталабки нонушта арафасида келин ўзининг кўрпачаларидан олиб чиқиб, жой тайёрласин. Янги дастурхон, янги сочиқларини қўйсин. Ўзи олиб келган янги чойнак, пиёлаларида чой қуйиб узатсин. Мана шу жараённинг ўзида сиз келинга қайнона, қайнотани ҳурмат қилиш борасидаги биринчи сабоқни берган бўласиз. Янги келиннинг фикрида биринчи навбатда, хонадон бошлиқларини ва бошқаларни доимо иззат-икром билан сийлаш керак, деган тушунча қолсин.

Албатта, келинчак ҳар бир ҳаракатида ийманиб, тортиниб, хижолат чекиб тургани шундоқ кўринади. Ибо билан чой узатишларининг ўзи қанчалар гўзал. «Балли қизим», «Кам бўлманг», «Бахтли бўлинг» каби ширин сўзларни айтиб келиннинг кўнглини меҳр-муҳаббатга тўлдириб туришдан эринманг. Одамлар орасида: «Келинни биринчи кунданоқ «гаҳ» деса қўлингга қўнадиган қилиб ол, ширин сўзлар билан эркалатиб юборма», — дейдиганлар ҳам топилади. Агар сиз келинингизнинг ўз қизингиз бўлиб қолишини истасангиз, уни биринчи кунданоқ ўз қизингиз каби севиб ардоқланг. Нонушта тугаганидан кейин келинни ёнингизга ўтқазиб олиб жуда чиройли жой, чой тайёрлаганини, ҳамма хурсанд бўлганини албатта айтинг.

Чунки ёшларда шундай хислат бор: қайси ишларини мақтасанг, рағбатлантирсанг, кейинги сафар ҳам худди шу ишни аввалгидан ҳам яхшироқ, тўкисроқ бажаришга харакат қиладилар. Қайнонанинг «келинининг яхши томонини ошириб, камчилигини яшириши» ҳам мана шу-да! Айтайлик, келинингиз ҳовли супурган бўлса-ю, тажрибасизлик қилиб деворларнинг тагини унчалик қиртишлаб супуришмаган бўлса, гап келиб қолганда: «Келиним шунақаям тоза, чиройли супурадики, ҳеч кимнинг кўзи тушмайдиган пана-пастқам жойлар ҳам қолмайди. Шунинг учун ҳам меҳнати ярақлаб кўринади», деб қўйинг. Кейинги сафар келинингиз ўша ишни кўнглингиздагидан ҳам зиёда қилиб қўяди. Азиз оналар балки бундан ҳам яхшироқ натижалар берадиган усулларни биларсиз. Қайси йўлдан борсангиз ҳам мақсадингизга эришинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top