3:17

Қайноналарга иккинчи маслаҳат

MP3

Ассалому алайкум мунис оналар. Келинингизнинг келганига бир ҳафта бўлди. Янги хонадон аъзоларига, бу уйнинг тартиб қоидаларига аста-секин кўникиб бораяпти. Энди келинпошшани ошхонага чақиринг, аввалда ўзингиз тикиб тайёрлаб қўйган фартугингизни беринг, олдига боғласин. Қозон-товоққа уннашдан олдин албатта қўл ювиб олиши кераклигини ўзингиз ибрат бўлиб кўрсатиб беринг. – Қизим, бугун иккаламиз кечки овқат қиламиз, – деб айтинг. Зарур бўлган сабзавотларни ажратиб беринг, артсин. Агар уларнинг пўстини қалин олса, биринчи марта индаманг. Чунки жуда хижолат бўлиши, ўзини йўқотиб қўйиши мумкин. Ëғнинг ўлчамини айтиб, қозонга солиб беринг, гўштнинг ҳам меъёрини белгилаб беринг.

Ва бу ишларингизни мана бундай деб изоҳлаб қўйсангиз яхши бўлади: — Қизим, биринчи марта бўлганлиги учун ўлчамини кўрсатиб бераяпман. Кейинги сафарларда ўзингиз мана шунга қараб масаллиқларни ишлатаверасиз. Келинингизга биринчи кунданоқ қийин овқатларни айтиб уни қийин аҳволга солиб қўйманг. Агар бу овқатларни билмаса, хижолат қилиб қўясиз. Дастлабки куни унга осонроқ овқат қилишни таклиф этинг. Лекин унинг ҳамма ишларини очиқкўнгиллик билан назорат қилинг, ниманидир бажаришга иккиланиб, журъат қилолмай турганини сезсангиз, маслаҳат беринг. Қисқаси сиз айтиб турасиз, келин бажаради. Тайёр таомни сиз сузинг. Олдиндан айтиб қўяй: таом албатта ширин бўлган!

Дастурхонда ҳамма жам бўлиб ўтириб, косаларга овқат олиб келингач: «Бугунги шўрвани келин пиширди», деб эълон қилинг.

Бу ишингиз сизга нисбатан келиннинг меҳрини орттиради. Чунки у таомни гарчи икки кишилашиб тайёрлаган бўлсангиз ҳам, келиннинг обрўсини ошираётганингиздан миннатдор бўлмай қолмайди. Шу билан бирга унинг дилида ошхона ишларига нисбатан қизиқиш, муҳаббат уйғотасиз. Инсоннинг, айниқса ёшларнинг табиати шундай; яхши гап эшитса, бирон ишини бошқалар мақтаб, рахмат айтсалар, бундан кейин ҳам берилиб, ҳавас билан ишни давом эттирадилар. Мана шундан кейин ҳам ошхона ишларини келиннинг бир ўзига ташлаб қўйманг. Хафта, ойлар давомида келиннинг ёнида туриб, бошқа овқатлар қилишни ҳам ўргатиб боринг. Айтганча, ошхонага бошлаб кирган дастлабки кунингиздан келинга картошка, сабзи, шолғом каби сабзавотларни артишдан аввал албатта ювиб олиш кераклигини тушунтиринг, бунга доим амал қилишни кузатинг.

Бундай тартиб, биринчидан, гигиена-тозаликни сақлашга ўргатади. Иккинчидан, пўчоқлар ҳовлингиздаги ёки қўни-қўшнида бўлган ҳайвонларга озуқа бўлади. «Қайнонам менга ишонмагани учун ҳамиша назорат қилиб туради», дейдиганлар ҳам йўқ эмас.

Агар сиз келиннинг ҳатти-ҳаракатларига «Қани бу қизга онаси нималарни ўргатган экан?» деган фикр билан ёндошсангиз, албатта бу ҳаёлингиз сезилмай қолмайди. Ниятингиз яхши бўлса, гап-сўзларингиздан яққол сезилади. Келин доим сизнинг маслаҳатингиз ва ёрдамингизга муҳтожлик сезади. Зарур пайтда унга ёрдам беришга тайёр бўлинг. Азиз оналар қайнона – келин мавзусидаги суҳбатимизни кейин сафар давом эттирамиз. Бизни тинглаб боришни унутманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top