Ассалому алайкум ҳурматли радиомиз мухлислари. Яна эфирда сиз азизлар учун бериб бораётган эшиттиришларимиздан бири. Бугун микрофон олдида мен Ғолиббек. Нафақат масиҳий она-онанинг орзуси, балки барча ота-онанинг орзуси келажакда ўз фарзандларининг яхши инсон бўлиб, ўз элига қолаверса Худованд учун маъқул инсон бўлиб етишишини кўришдир.
Мана шу орзу амалга ошиши учун эса бола ёш бўлганида унга катта эътибор қаратиш лозим. Азизлар, ўйлайманки ҳар биримиз Худованддан тинимсиз донолик сўраймиз. Биродарлар билан бўлган суҳбат давомида эшитганмисиз, мен болаларим тарбияси тўғрисида Худованддан донолик сўрадим деган гапни. Ўйлайманки, ҳар доим ҳам шундай суҳбатнинг гувоҳи бўлавермаймиз.
Бу дегани ё Худованддан камроқ донолик сўраяпмиз, ёки болалар тарбияси биз учун унчалик аҳамиятга эга эмас. Чунки мен шундай ўйлайман: агар инсон нимадир тўғрисида кўп ўйласа ва шу мақсад сари интилса, бошқаларга ҳам шу ҳақида кўп гапиради. Шу жумладан болалар тарбияси ҳақида ҳам.
Биз ўзимизни масиҳий ҳисоблаймиз, лекин кўпинча донолик ҳақида Отамиз Худованддан иложсиз қолган пайтларимизда сўраймиз. Агар оиламизда ҳаммаси яхши бўлса, болаларимиз бахтли ва бизга қулоқ соладиган бўлса, ўйлаймизки, ҳаммаси жойида. Энди бизга бошқа нарса керакмасдек. Лекин қандайдир муаммога дуч келиб қолсак, Худовандга мурожаат қиламиз.
Худойим, менга донолик бер, деб илтижо қиламиз. Донолик бу ҳамма нарсани тез ҳал қилувчи инъом эмас. Ҳар қандай донолик Муқаддас Китобдадир. Агар Муқаддас Китобни доимо ўқиб турсак, Худованд Ўз донолигини ҳар биримизнинг юрагимизга жо қилади. Чунки Муқаддас Китобда кўплаб муаммоларни қандай ҳал қилинганлиги ҳақида кўп жойларида ўқишимиз мумкин.
Бундан ташқари, шоҳ Сулаймон ҳам ўзининг ажойиб маслаҳатларини беради. Доно деган сўзнинг маъносига чуқурроқ эътибор қилсак. Бошқа тилларда, ўз ишининг моҳир устаси, деган маънони ҳам берар экан. Замонавий дунёда донолик ҳақида кўплаб жойларда ўргатиши мумкин. Масалан иниститут ва мактабларда. Лекин азизлар, Худованд берган донолик ўрнини ҳеч нарса боса олмайди.
Бир биродаримиз шундай деб айтган экан: “Бизнинг давримизда яшаётган инсонларда балки билим тўлиб тошиб кетгандир, лекин донолик улардан йироқ бўлиши мумкин”. Ҳурматли ота-оналар, Худованддан доимо донолик сўрайлик. Дунёдан ўрганган билимимиз балки болалар тарбиясида кучсизлик қилиши мумкин. Худованднинг сўзи эса ҳар қандай тошни ҳам эритиб юборади.
Азиз ота-оналар, агар сизларда саволлар ёки таклифлар бўлса, бизнинг интернетдаги сайтимиздан фойдаланиб, бизга мактуб йўллашингиз мумкин. Бизнинг манзил: www.najot.com Шу билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Яна радио орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.