Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда сизлар учун тайёрлаган эшиттиришларимиздан бири. Мен Ғолиббек микрофон қаршисидаман. Азизлар, бугунги эшиттиришимиз орқали биз Худованднинг каломидан сизлар билан бўлишмоқчимиз. Агар эътибор берган бўлсангиз, кўпчилик тез-тез ёшлик вақтларини эслаб туради. Жумладан, ёшлигимизда фалон нарса бунча турарди.
Мана бу жойлар ундай эди деган гаплар. Хуллас ҳаёт кундан кунга ўзгариб турибди. Азалдан илдиз отиб улгурган иқтисод принциплари аллақачон аста-секин бузилиб бормоқда. Бунинг ўрнига эса ҳар куни янги иқтисод теориялари пайдо бўлмоқда. Эски тартиб қоидалар билан яшашга ўрганган инсонлар фақатгина ҳозирги янги ҳаётга кўникишдан бошқа чоралари қолмади.
Чунки улар қанчалик ўзлари яшаб ўтган ҳаётлари ҳақида бошқаларга тушунтиришга ҳаракат қилмасинлар, барибир ҳеч ким уларни тушунишни хоҳламайдилар. Ҳозирги кунда дунёнинг бир бурчагида ишчилар сони етишмаса, яна бошқа бир жойда ишчиларга тўлаш учун маош топиб бериша олмайди. Азиз биродарлар, ҳозирги шиддат билан ривожланиб бораётган бир замонда келажакда бизни нима кутмоқда?
Баъзи пайтларда имонли биродарлар ҳам айнан шу савол устида бош қотириб хавотирга тушиб қолишади. Хавотирга тушиш учун ўрин бормикан? Албатта, дунёда нимаики содир бўлмасин, барча инсонлар хавотирга туша бошлайдилар. Лекин бориб-бориб барчамиз яна ўша ҳаётда яшашни давом эттирамиз. Инсон доимо ҳар қандай шароитда ҳам, барча қийинчиликларга чидашга ўрганган.
Лекин азизлар, Самода бизнинг Отамиз Худованд бор. Шахсан мен ишонаман, Худованд Ўз фарзандларини биронтасини ҳам оч қолдирмайди. Мен яқинда бир китоб ўқиб қолдим. Китобдаги қаҳрамон жуда катта қийинчиликларга дуч келади. Мен китобни ўқияпман-у, наҳотки шу инсон тирик қолиб, шу қўлимдаги китобни ёзиши мумкин деган фикр ҳаёлимда доимо чарх уриб турди.
Китоб охирлаган сари шу инсонни Худованд қандай асрагани ва у ҳақида, қолаверса оиласи ҳақида қанчалик ғамхўрлик қилганини кўриб, яна бир бор Худованднинг буюклиги олдида бош эгдим. Сабаби, Худованд китоб қаҳрамонини ва оиласини ўлим дарёсидан олиб чиқди. Душманларни орасида бемалол оиласи билан ўта олди ҳатто душманлар ўзлари уни хурсандчилик билан кутиб олиб, яна керакли жойларига кузатиб қўйишди.
Азизлар, мен сизга гапираётганларим барчаси бўлиб ўтган воқеадир. Бунинг устига барчаси шу ерда бизнинг мамлакатда бир неча йил илгари бўлиб ўтган. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, дунёда нимаики содир бўлмасин Худовандга содиқ қолайлик. Сизни қийнаётган муаммолар бўлса ёки кимдир сизга зулм ўтқазаётган бўлса, Худованддан ёлвориб ибодат қилинг. Кечалари ухламай Отамизнинг этагига ёпишиб, ёрдам беришини илтижо қилинг. Мен ишонаман, буюк Худованд сизни ва мени ҳеч қачон ташлаб қўймайди. У Ўз сўзига содиқдир. Отамиз ҳар бирингизни алоҳида марҳаматласин. Хайр саломат бўлинг.