Ассалому алайкум азиз радио тингловчи. Яна ҳаво тўлқинларида сиз азизлар учун берилиб борилаётган эшиттиришларимиздан бири. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Ҳозирги кунда дунёда оккультизм жуда ривожланиб кетганлиги ҳеч кимга сир эмас. Лекин шу иш билан шуғулланувчи инсонларнинг кўпчилиги оқибати ҳақида ўйлаб кўрмаган бўлсалар керак.
Хуллас бир сўз билан айтадиган бўлсак, оккультизм Худованднинг кўз ўнгида жирканчдир. Худованд томонидан ҳеч кимга оккультизм билан шуғулланишига умуман рухсат берилмаган. «Оккультлик» сўзи лотинча «occultus» сўзидан келиб чиққан бўлиб, яширин ёки сирли деган маънони билдиради. Бу термин яширин, маҳфий, сирли ва оддий инсоний тушунчалардан йироқ ҳисобланган нарсаларга тегишлидир.
Инсон ақл-идрокини ўзгартириш ва руҳий-психологик кучга эришиш учун ғайритабиий кучлардан фойдаланишга йўналтирилган сирли усуллар оккультизмни ташкил қилади. Турли хил кўринишдаги оқ ва қора жодугарлик, руҳлар билан алоқа қилиш, яъни спиритизм, фол очиш, иссиқ-совуқ қилиш ва ҳ к. з. оккультизмнинг энг кўп тарқалган турлари ҳисобланади.
Оккультизм билан шуғулланувчилар жодугарликни оқ ва қора жодугарликка ажратадилар. «Оқ» жодугарлик ― бу «қора» жодугарликка қарама-қарши, аммо шу билан бирга унга боғлиқ бўлган нарса. Бу шубҳасиз, шайтоннинг ишидир. Оқ жодугарликка амал қилувчи одамлар уни бошқаларнинг фойдасига хизмат қиладиган, фойдали иш деб ҳисоблайдилар.
Оқ жодугарлик руҳларни чақириш маросимини ва ҳивчин, ханжар, сербар узун устки кийим ва белбоғ каби маросимга хос нарсалар ёрдамида руҳлар устидан назоратни ўрнатишга уринишни ўз ичига олади. Жодугарликка сеҳр-жоду ва ўлганларнинг руҳи билан мулоқот қилиш киради. Бу хақида Эски Ахд китобининг 1 Шоҳлар китоби 28 боб 7 оятдан 25 оятгача бўлган жойда ўқиб кўришингиз мумкин.
Оқ жодугарликка қарама-қарши тарзда, қора жодугарлик бошқа одамларга зарар етказиш орқали шахсий ва моддий манфаатга эришишни кўзлайди. Бу жодугарлик лаьнатлаш, афсун ўқиш ёки ёвуз руҳлар билан тил бириктириш каби усуллар билан ҳалокатли оқибатларни келтириб чиқаради. Қуйида баъзи бир оккультик амаллар ва уларнинг таърифини келтириб ўтмоқчимиз.
Астрология яъни мунажжимлик ― гороскоп ёрдамида самовий ва астрономик ҳодисаларни хариталашнинг қадимий усули. Бу хақида Муқаддас Китобингизнинг Ишаё пайғамбар китобининг 47 боби 13 ва 15 оятларида, шунингдек Дониёр китобининг 2 боби 2 оятида ва 5 боби 7 оятларидан ўқиб кўришингиз мумкин. Фолбинлик, раммоллик ― Худо томонидан қаттий таъқиқланган усуллардир. Ушбу оккультик амалларнинг барчаси келиб чиқиши жиҳатдан жинларга хос амаллардир. Уларнинг кўпчилиги Муқаддас Каломда аниқ тасвирлаб берилган ва қатъий ман қилингандир. Хайр саломат бўлинг.