Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азизлар билан яна радио қаршисида дийдор учрашиб турганимиздан хурсандмиз. Худовандга шон-шарафлар бўлсин. Бугунги эшиттиришимиз давомида мен Ғолиббек, сиз, азизлар билан бир неча дақиқа давомида бирга бўламан. Азиз дўстим, сен қачонлардир ҳеч ким билмайди деб нимадир қилганмисан?
Балки кимдир ҳеч кимга билдирмай кимгадир яхшилик қилгандир. Масалан кимгадир ажойиб совға тайёрлаб, ҳеч кимга билдирмай кимнидир хурсанд қилгандирсиз? Лекин ёмон мақсадда сирли ишларни қилишнинг оқибати яхшиликка олиб келмайди. Шундай ишларни қилувчилар ўйлайдики, бу ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билмайди деб.
Азизлар, келинг Муқаддас Китоб бу ҳақида нима деб айтишини ўқиб кўрайлик. Ушбу оят Римликларга мактубининг 2 боби 16 оятининг иккинчи қисмида баён этилган: “… Худо Исо Масиҳ орқали инсонларнинг сирли ишларини муҳокама этадиган кунда яна шундай бўлади”. Худованд барчасидан хабардор ва ҳамма ишларимизни кўриб турибди.
У фақатгина содир этаётган ишларимизни кўриб тургани йўқ. У ҳар биримизнинг ўйлаган фикрларимизни ва ҳар бир оғзимиздан чиқаётган сўзларимизни ҳам билади. Агар инсон кимгадир жаҳл қилса ва кимдандир ноўрин хафа бўлса, Худованд барчасидан хабар топади. Худованд инсонларнинг сирли ишларини билибгина қолмай, уни жазолайди ҳам, деб айтади Муқаддас Китоб.
Ҳукм қилиш қандай бўлиши ҳақида ким билади? Судда, албатта, судья бўлади. Айнан судья кимнинг айибдор ва кимнинг айибсиз эканлигини ҳал қилади. Шунингдек судда айибланувчи ҳам бўлади. Бу киши нимададир айибланяпти. Бундан ташқари суд залида айибловчи ҳам, яъни прокурор иштирок этади. Айибланувчи учун залдаги энг муҳим киши эса адвокатдир.
Чунки у айибланувчини оқлашга ҳаракат қилади. Лекин Худованд инсонларни ҳукум қилаётганида Унинг Ўзи ҳам айибловчи ҳам судья сифатида бўлади. Инсон эса айибланувчидир. Азизлар, бундай аҳволда ким ўз-ўзини оқлай олади? Ҳеч ким. Чунки барча инсонлар Худованднинг кўз ўнгида айбдордир. Балки сенда ҳимоя қилувчи, яъни адвокат бордир.
Худованднинг оятларида шундай деб айтилади. Худованд Исо Масиҳ орқали ҳукум қилади. Бу дегани, Худованд Раббимиз Исо Масиҳ билан биргаликда ҳамма ишларни амалга оширади. Нима учун айнан Исо Масиҳ орқали? Чунки Раббимиз Исо барча инсонларнинг гуноҳлари учун хочда азобли ўлим кўрди. Шунингдек У сени сирли гуноҳ ишларинг учун ҳам ўлгандир.
Азиз дўстим, агар сен барча содир этган гуноҳларинг учун афсусланаётган бўлсанг, Раббимиз Исо Масиҳдан кечирим сўра ва Ундан сени оқлашини судда сени айбдор деб топмаслигини илтижо қилиб сўра. Хайр саломат бўлинглар.