3:08

Болаларнинг ўсишига ёрдам 118

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан радио тўлқинлари орқали бўлсада учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Бугун микрофон олдида мен Ғолиббек. Азиз радио тингловчи биродарлар, ҳамма нарсага олдиндан тайёрланганимиздек, фарзандларимизни ҳам келажак ҳаётга олдиндан тайёрлашимиз керак.

Фараз қилинг, ўғлингиз вояга етиб армия хизматига чақирилди. Армияга борган заҳотиёқ қўлига қурол бериб, миналаштирилган майдондан ҳужумга ўтиши керак. Аскар эса олдиндан ҳеч нарсага ўқитилмаган. Шундай тайёргарликсиз урушга борган солдатнинг ҳаёти албатта хавф остида бўлади. Чунки у хали ҳеч нарсани тушунмайди.

Биз яшаб турган ҳаётни худди миналаштирилган майдонга ўхшатишимиз мумкин. Чунки шайтон ҳар куни инсонларга турли хил ҳужумлар уюштириб, кўпчиликка “қопқон” қўяди. Айниқса юқорида айтиб ўтган дўстларимиз кабиларга. Бундай хавф-хатардан эса иложи борича узоқроқ бўлганимиз маъқул. Узоқроқ юриш кимгадир насиб қилса, яна кимгадир катта муаммолар туғдириши турган гап.

Бундай пайтларда ҳар биримизга Матто китобининг 10 боби 16 оятида ёзилганидек зийраклик керак бўлади. Ушбу оятда жумладан шундай деб ёзилган: “Мана, Мен сизларни бўриларнинг орасига қўйлар каби юборяпман. Сиз илондай зийрак, каптардай содда бўлинглар”.

Албатта ҳаётимизда бундан бошқа ҳам “қопқонлар” учраб туради. Доно Сулаймоннинг Ҳикматлар китобида эса айнан шунақа “қопқонлардан” қандай эҳтиёт бўлишимиз кераклиги тўғрисида кўп бора гапирилади. Бундай ажойиб маслаҳатларни болаларимизга ёшлигидан ўргатиб борсак асло зарар қилмайди.

Керак бўлса гуноҳ туфайли қандай оқибатлар келиб чиққани тўғрисида яққол мисоллар ҳам келтиришимиз керак. Чунки кўпинча гапирилган гаплар болалар учун оддий гаплигича қолиб кетиши мумкин. Масалан спиртли ичимликлар ичиш гуноҳ эканлиги тўғрисида болага тушунтирмоқчи бўлсангиз, кўчадан истаган пайтингизда маст бўлиб ерга қулаб ётган кишини топишингиз мумкин.

Бу албатта кимнидир ҳақорат қилиш эмас, аксинча унга ачинганимиздан ва шундай инсонлар келажакда умуман бўлмаслигини хоҳлаётганимиздан кўрсатишимиз мумкин. Албатта ҳар бир гуноҳ иш ҳақида олдиндан билган кишигина миналаштирилган майдонда ва шайтон тарафидан қўйилган қопқонга илинмасдан ҳаётида илдам қадам ташлаб олдинга интилиши мумкин.

Шунинг учун ҳам фарзандларимизга Худованднинг Каломини ёшлигидан мукаммал ўргатиб боришимиз ва уларда Худовандга нисбатан севги уйғотиш ҳар биримизнинг вазифамиздир. Ҳар бир муҳим бўлган вазифани ўз вақтида бажариш, шу жумладан болалар тарбиясига бўлган эътибор ҳам келажакда яхши ҳосил беришига ишонамиз. Худованд ҳар биримизни марҳаматига тўлдирсин. Омон бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top