2:39

Руҳий ғалаба 51

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан мен Ғолиббек эфир орқали учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Ўйлаймизки, биз тайёрлаётган эшиттиришларимиз сиз, азиз радио тингловчилар учун манзур бўляпти.

Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, келинг биргаликда янги Аҳд давридаги барпо бўлган айрим жамоатларнинг тарихига назар солсак. Шундай жамоатлардан бири Эфес жамоати. Эфес жамоатининг пайдо бўлиш тарихи жуда ажойибдир. Унинг тузилишида ҳаворий Павлус, чўпонлардан эса Аполлос ва Тимофейларнинг ҳиссаси катта бўлган.

Бошида ушбу жамоат жуда ажойиб эди. Ҳатто жамоат аъзолари шаҳарнинг турли бурчакларида Хушхабар айтишар, қаршилик қилганларни ва ёлғончиларни ўзларининг устамонлиги билан барибир ҳақиқатни тан олишларига мажбур қилишарди.

Бора-бора масиҳийларга Эфес шаҳрида ҳаёт кечириш осон бўлмади. Сабаби, шаҳарнинг қоқ марказида дунёдаги етти муъжизалардан бири бўлмиш Артемида маъбади жойлашган эди. У жойда Худовандга маъқул бўлмаган турли ишлар содир бўлар эди.

Лекин Худованд шунга қарамай, ҳаворий Павлус орқали кўплаб инсонларни Масиҳнинг олдида ўз гуноҳлари учун тавба қилдирарди. Имонлилар кўп меҳнат қилишар эди, шу билан бирга ҳаётда учрайдиган муаммоларни ҳам ўз бошларидан кечиришар эдилар.

Улар шунчалик имонда мустаҳкам эдиларки, гуноҳни умуман ўзларига яқинлаштирмасликка ҳаракат қилишарди. Ваҳий китобининг 2 боби 6 оятида Раббимиз Исо Масиҳ Эфес жамоатининг фариштасига шундай деб мурожаат қилгани ёзилган:

“Лекин сендаги яхши фазилат шуки, сен николайчиларнинг ишларидан нафратланасан, Мен ҳам улардан нафратланаман”. Николайчилар Николай таълимотининг издошлари эди, қайсики ёлғон таълимотга эга бўлган. Ҳурматли биродарлар, ҳозирги кунда ҳам кўплаб жамоатлар пайдо бўляпти. Лекин ҳаммаси ҳам соғлом таълимотни тарғиб қиляптими? Агар “ҳа” деб жавоб берсак, бироз адашган бўламиз.

Бир биродаримиз шундай деб айтган эди. Чўпоннинг айтаётган ваъзларини ҳам текшириб таҳлил қилиб бориш керак. Чунки у ҳам инсон, адашиши мумкин, адашиш орқали эса носоғлом таълимотлар пайдо бўлади. Азизлар, энг тўғри таълимот Худованднинг каломидир. Доимо ибодат қилинг, жамоатларда ҳам, биродарлар орасида ҳам соғлом таълимот бўлиши учун. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top