3:16

Руҳий ғалаба 358

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Азизлар, мен яна сиз биродарларим билан радиомиз қаршисида ғойибона бўлсада дийдор учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Эфирда “Дилкаш” радиоси: марҳамат, тинглаб дам олинг. Азиз радио тингловчи биродарлар, Худо еру осмонни яратгунга қадар, барча руҳларни яратганлигини ҳар биримиз яхши биламиз.

Худонинг Ўзи муқаддас ва пок бўлганлиги учун руҳларни ҳам Ўзининг суръатига ўхшаш муқаддас ва бегуноҳ қилиб яратди. Улар сон-саноқсиз бўлган. Худо бу руҳларни Ўзига хизмат қилишлари, буюрган топшириқни бажаришлари ва Унга таъзимда бўлишлари учун яратганди. Руҳларнинг бири бошқаларига қараганда жуда ҳам чиройли, кучли ва доно эди.

Худо уни Ўзининг самодаги муқаддас тахтини қўриқлаш учун яратганди. Бироқ, бу руҳ Худога ҳасад қилиб, Унга ўхшашни хоҳлаб қолади. У ҳатто Худонинг ўрнини эгаллашни ҳам истаб қолади. Худо бу руҳга ато қилган пок юрак эса ҳасад ва бузуқликка тўлиб-тошади. Охир-оқибатда бу гуноҳкор руҳ шармандаларча самодан ҳайдалади. Ҳозирги кунда у абадий жазони кутаяпти.

Унга қўшилиб исён кўтарган бошқа руҳлар ҳам Раббимизнинг ғазабига дучор бўлиб, ҳукм кунини кутишмоқда. Бир пайтлар бу қудратли руҳ ўзининг кўркамлиги туфайли “Люцифер” яъни Нурли фаришта деб аталган эди. Ҳозир эса биз уни иблис ёки шайтон, “айбловчи” номи билан биламиз. Иблис Худонинг эзгу мақсадларини йўққа чиқариш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилади.

Аммо ҳар қанча уринмасин, иблис Худо унга йўл қўйганидан ортиқ ҳеч нарсани амалга ошира олмайди. Иблисга ўхшаган бошқа ёвуз руҳлар ҳам одамларга зиён етказишга ҳаракат қилишади. Бироқ Эгамиз Худо ҳаммадан қудратлироқ, шунинг учун ҳам У ҳар қандай ёвуз руҳлар устидан ҳокимдир. Баъзан одамлар гуноҳ қилганларида Худо уларни синаш ёки жазолаш учун шайтонга йўл беради.

Шайтон ва унинг жинларини жазолаш учун “дўзах” аталмиш махсус жой ҳозир қилинган. Ҳукм куни келганда шайтон узил-кесил мағлуб қилинади, жазоланади ва дўзахга ташланади. Руҳларнинг ҳаммаси ҳам шайтонга бўйсуниб кетмаган эди. Уларнинг кўпчилиги Худога итоат ва хизмат қилишда давом этди. Биз уларни “фаришталар” деб атаймиз. Қадимда Худо одамларга фаришталар орқали гапирган.

Худо одамлар ёрдамга муҳтож бўлганларида ёрдам кўрсатиш учун, гуноҳ қилганларида эса жазолаш учун ҳам Ўз фаришталарини юборган. Охират кунида эса бу фаришталар барча одамларни ҳукм учун Раббимиз ҳузурига тўплайди. Одамлар фаришталарга сажда қилмасликлари керак. Фаришталар қудратли ва доно жонзотлар, аммо улар Худога бўйсунадиган, яратилган руҳлардир.

Қодир Худо Ўз мақсади йўлида ҳамма руҳларни яратганлиги туфайли ҳам, руҳий дунёнинг ягона Ҳукмдори ҳисобланади. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумизга якун ясамоқчиман. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Азизлар, албатта ушбу манзилимизга ўз мактубларингизни ёзиб юборасиз деган умиддамиз. Ҳозирча хайр соғ-саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top