3:07

Исо Масиҳ Худонинг Ўғли

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сиз азизлар билан радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Бугун мен Ғолиббек сизлар билан радио қаршисидаман. Раббимиз Исо Масиҳни ҳали ўз Қутқарувчиси деб юрагига қабул қилмаган дўстларимиз, Уни ҳаммага ёрдам берувчи яхши бир инсон бўлиб, бундан анча йиллар аввал яшаб ўтган деб ўйлашади.

Уни ҳозир ҳам яхши инсонлар сафига қўшадиган инсонлар жуда кўплаб топилади. Агар бу ҳақиқатан ҳам шундай бўлганида, У бизларга нажот беролмаган бўларди. Муқаддас Китоб Раббимизнинг Худо эканлигини аниқ тасдиқлайди. Эсингизда бўлса, Тарс шаҳридан бўлган Шоул Дамашққа кетаётиб, йўлда Раббимиз Исога дуч келади.

Шоул Уни Худо эканлигини тан олишга мажбур бўлади. Ҳаворийлар мактубининг 9 боби 20 оятида Шоул ҳақида шундай оят ёзиб қўйилган: “У дарҳол Исо Худонинг Ўғли экани ҳақида яҳудий ибодатхоналарида тарғибот қила бошлади”. Ҳаворийлар яшаган даврда кўпчилик Худонинг Ўғли деб гапиришган.

Шундан билишимиз мумкинки, Исо Масиҳ ҳақиқатан ҳам Худонинг Ўғлидир. Орадан кўп йиллар, асрлар ўтиб турли секталар ва нотўғри таълимотни тарғиб этувчилар кўпайиб кетишди. Энг ачинарлиси, улар Раббимиз Исо Масиҳни Худонинг Ўғли эмас деган таълимотни тарғиб қилишмоқда.

Лекин Исо Масиҳ Худованднинг ягона Ўғли ва шу билан бирга У Худодир. Кимки шу ҳақиқатни инкор этса ёки бошқаларга бундай эмас деб ўргатса, уларнинг ҳолига вой. Юҳаннонинг биринчи мактуби 4 боби 15 оятида шундай ёзиб қўйилган: “Агар ким Исони Худонинг Ўғли деб тан олса, Худо у билан, у Худо билан бир тан бўлиб яшайди”.

Исо Масиҳ деган исм бизларга нима ҳақида гапиради? Худо Ўғлининг исми жуда муҳим. Раббимиз қайта тирилганидан кейин ҳаворийлар Уни Раббий деб чақира бошладилар. Исо — унинг ердаги исми эди холос. У қайта тирилганидан сўнг кўпчилик Исо деб эмас, балки Раб Исо, Раббий Исо Масиҳ, бизнинг Қутқарувчимиз деб атай бошлаганлар.

Азиз радио тингловчилар, агар биз ҳам худди шундай деб айтсак, асло нотўғри бўлмайди. Лекин ҳозирги кунда айрим биродарларимиз, бизнинг мамлакатимизда Исони Худонинг Ўғли деб айтиб бўлмайди, деган фикрларни ҳам билдиришмоқда. Бундай деб айтиш бошқаларни Худованднинг олдига келиш учун тўсқинлик қилар экан.

Азиз биродарлар, шахсан мен шундай ўйлайман. Нима учун Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни бузиб кўрсатишимиз керак? Ахир, қандай қилиб бор ҳақиқатдан юз ўгириш мумкин?! Ёлғон гапириб, бошқаларни Худонинг олдига олиб келишдан кўра уларга ҳақиқатни айтиб, улар учун ибодат қилсак тўғри бўлмасмикан? Худованд ҳар биримизга донолик ато этсин. Хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top