Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сиз азизлар билан эфир орқали дийдор учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Мен Ғолиббек микрофон қаршисидаман. Кимгадир Хушхабар айтиш бу фақатгина уни нажот олиши ёки у учун қилинадиган ибодатдан иборат эмас. Бу ерда энг муҳими, унинг руҳининг қутқарилиши ва бир умр у ўз ҳаётини Худовандга бағишлашига боғлиқ.
Кўплаб масиҳий биродарларимиз бир нарсада афсусланишади, яъни улар ўз ҳаётларини аввалроқ Масиҳга топширмаганлари учун. Масалан, Муқаддас Китобда кўплаб инсонларнинг ёшлигидан Худовандга эргашганлиги тўғрисида гувоҳликлар мавжуд. Забур китобининг 70 боби, 5 оятида Довуд шундай деб айтганлиги ёзиб қўйилган: “Менинг умидим Сенсан-ку, ё Раббий, ёшлигимдан бери ишончимсан, эй Худованд”.
Бундан ташқари яна Юсуф, Исҳоқ ва бошқалар ҳам болалигидан Худовандга эргашган эдилар. Шунинг учун ҳам, ҳурматли биродарлар, болаларнинг ҳаётини хали улар ёш бўлган пайтларидаёқ қадрлашга ўргатайлик. Юқорида номини тилга олган Муқаддас Китоб қаҳрамонлари каби улар ҳам болалагидан ўз ҳаётларини Худовандга топширсалар, ўйлайманки, замонамиз янада гузалроқ бўлади. Чунки Худовандга эргашган инсон ҳеч қачон ёмонликни бировга ҳам ўргатмайди, ўзи ҳам ўрганмайди.
Азизлар, мен ўз бошимдан ўтган бир воқеани сизларга сўзлаб беришни истар эдим. Тахминан бундан ўн беш йиллар илгари жамоатимиздаги бир аёл мендан илтимос қилди: “Мени болам отасиз ўсяпти, мен эса аёл бўлганим учун уни тарбия қилишда бироз ожизлик қиляпман”, деб айтди. Мен унга ёрдам беришга рози бўлдим. Шу аёлнинг ўғлини шогирдликка олдим. Ўша пайтда у бола тахминан етти ёшлар эди. Кейинчалик у боланинг ўртоғи ва икки ёш катта опаси ҳам бизнинг гуруҳга қўшилишди.
Мен ҳар ҳафта улар билан учрашиб, Худованд ҳақида турли мавзуларда дарслар ўрганар эдик. Мен тахминан улар билан ўн икки ёшгача шуғулланиб келдим ва уларни жамоатга боришга кўндирдим. Улар жамоатга қатнай бошлаганларидан кейин бизда улар билан алоқа ўзилди. Кейинчалик улар бошқа қўшни мамлакатга кўчиб кетганлиги ҳақида эшитиб қолдим. Лекин бир нарсани тан олишим лозим, мен доимо улар учун ибодатда бўлардим.
Мана, орадан ўн йилдан кўпроқ вақт ўтиб, бир куни кечқурун эшигимиз қўнғироғи жиринглаб қолди. Бориб очиб, не кўз билан қарамай, шу бола онаси ва ўзининг аёли билан турибди. У бола ҳозирги кунда имонда мустаҳкам ва жамоат хизматчиси бўлиб етишибди. Унинг дўсти ва опаси ҳам ҳозирги кунга қадар Худованд билан бирга экан. Тўғриси, Худованд учун қилган хизматимнинг ҳосилини кўриб, хурсандлигимдан кўзларимга ёш келди. Азизлар, ушбу воқеадан кейин Худованд учун қилган хизматимиз ҳар доим ҳосил келтиришига яна бир бор менда ишонч пайдо бўлди. Азизлар, яна радио орқали кўришгунча хайр саломат бўлинглар.