3:22

Зинокорлик 01

MP3

Ассалому алайкум азиз биродарлар, ҳурматли дўстлар. Кўпчилик ўйлайдики, ҳар бир кишининг содир этган гуноҳи фақатгина унинг ўзига тегишли деб. Аслида эса бундай эмас.

Содир этилган гуноҳнинг эвази кўпчиликка таъсири бор. Бундай инсонларга тушунтириб бера олишимиз керак, зинокорлик аввало Худовандга ва Унинг амрларига қарши боришдир.

Муқаддас китобнинг Чиқиш китобида аниқ ва тиниқ шундай деб ёзиб қўйилган: “Зино қилманг”. Худованднинг амрларини бузиш бу катта гуноҳ саналади. Азиз биродарлар, агар ёдингизда бўлса, Довуд шоҳ ҳам Ботшева билан зино қилгандан кейин ўзининг ибодатларида Худовандга шундай сўзларни айтган эди:

“Сенга, ёлғиз Сенга қарши гунох қилганман, Сенинг олдингда қабихликларга қўл урганман, Шу боис ҳукм қилганингда Сен бархақсан, Айбимни фош этганингда доимо тўғри бўлиб чиқасан”.

Азиз биродарлар, кимки зино қилган бўлса, аввало Худованднинг қаршисида тиз чўкиб тавба қилиши лозим. Худованд раҳмдил ва албатта кечиради. Ана шундан сўнг, ушбу гуноҳнинг таъсири кимга ёки кимларга тегишли бўлса, барчасидан кечирим сўраб уларнинг олдида ҳам тавба қилиш лозим.

Азиз биродар, агар ўзингизда куч топа олсангиз, бутун жамоат олдида тавба қилиш ҳам мумкин. Чунки зинонинг зарарли таъсири жамоатда ҳам сезилади. У шундай сезилиши мумкинки, зинокорлик гуёки юқумли касалликка ўхшайди.

Жамоатдаги бошқа биродарларга ҳам юқиши мумкин. Мана шунинг учун ҳам жамоат олдида тавба қилиш муҳим саналади. Озгина хамиртуруш бир тоғора хамирни ачитиши мумкинлигини яхши биламиз.

Бу дегани тавба қилиб яна гунох қилишда давом этаверинг деганимас. Бу дегани, барча гуноҳларни тўхтатиб ҳаётингизни бошқаришни Худога беринг дегани. Шундан сўнг Худованд сизнинг юрагингизда ишлашни бошлайди.

Ҳар доим кўнгил гуноҳ қилишни истаганида, Муқаддас Руҳ юрагингизда сизга гапиради. Сизни йўлдан қайтариш пайида бўлади. Гуноҳда давом этасизми ёки Худовандга қулоқ тутасизми, эндиликда ўзингиз ҳал қиласиз.

Албатта, Худовандга қулоқ тутиб, Унинг марҳамати остида яшаш қанчалик ёқимли эканини, У билан бирга яшаган инсонгина ҳис қила олади. Азиз дўстим, ҳар қандай гуноҳга жиддий муносабатда бўлишингизни хоҳлардим.

Сабаби ҳар қандай гуноҳ бу мохов касаллигига ўхшайди. Инсонни руҳий ҳаётини аста-секин емириб боради. Хар қандай гуноҳ аввало инсоннинг ҳаёлида содир бўлади. Азизлар, ҳаёлга бузуқ фикрлар келган вақтда тезда Худовандни ёрдамга чақиришни ўрганишимиз керак.

Ҳаёлларимизни тоза сақлаш ва бузуқ фикрлар кирмаслиги учун ҳар куни калом ўқиб ибодатда бўлишимиз керак. Шу билан азизлар, мавзумиз ўз поёнига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top