2:57

Руҳий ғалаба 58

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна ҳаво мавжларида сиз азизлар учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Микрофон қаршисида эса мен Ғолиббек. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, масиҳий кишининг қиладиган бирдан-бир энг муҳим иши бу ибодатдир.

Ибодатга жуда кўп нарса боғлиқ. Ибодатда биз фақатгина муаммоларимизни эмас, балки хурсандчилик ва миннатдорчилик ибодатларини ҳам Худовандга айтишимиз мумкин. Агар Худованд олдида юрагимиз тоза бўлса, барча гуноҳларимиз учун тавба қилган бўлсак, мен ишонаман, Худованд ибодатларимизга албатта жавоб беради.

Балки орадан кунлар ўтар, балки ойлар, баъзи пайтларда ибодатимизга жавобни йиллаб кутишимиз ҳам мумкин. Лекин Худованд албатта жавоб бера олади. Ҳаворий Павлус Худонинг барча қурол-аслаҳалари ҳақидаги фикрларини якунлар экан, дуонинг ўта муҳим эканлигини таъкидлаб ўтади.

У бу оятларда уч карра учта оятнинг ҳар бирида бир мартадан эфеслик имонлиларга дуо қилишни буюради. Дуо Худо билан бизнинг орамизда ўзаро муносабатлар эшигини очиб беради ва У билан алоқа қила оламиз. Руҳий жанг кетаётган бир пайтда, биз масиҳий инсонлар, Раббимиздан тўғри йўл тутишимиз учун кўрсатмалар ва руҳий далда олиб туришимиз учун У билан алоқамизни бир дақиқа бўлсада узмаслигимиз керак.

Алоқа узулишининг сабаби, шайтон ва унинг ёвуз кучлари нимагадир эришишига кичик бўлса-да эшик очилди деганидир. Азиз биродарлар, ибодатхонада қилинадиган ибодатларимиздан ташқари, хали Масиҳни таниб билмаган дўстларимиз учун ҳам тинимсиз ибодатда бўлмоғимиз керак.

Чунки бир-биримиз учун қиладиган дуоларимиз муҳим бўлибгина қолмай, шунингдек «кучли ва таъсирли» ҳамдир. Бу хақида Ёқуб мактубининг 5 боби 16 оятидан ўқиб кўришингиз мумкин. Албатта ибодат алоҳида сехирли қурол сифатида рўйхатга киритилмаган, бироқ у бошқа қуроллар билан бирга ишлатилиши керак.

Имонли киши жангга ҳозирлик кўраётганда ҳам, жанг қилаётганда ҳам, жангдан кейин дам олаётган пайтда ҳам тинмай дуо қилиши керак. Бу ҳақида 1 Салоникаликларга мактубининг 5 боби 17 оятида ўқиб оласиз. Ҳар қандай дуо Муқаддас Руҳнинг кучи билан Худо ҳузурига кўтарилиши керак. Ибодат қилган пайтимизда масиҳий бўлганимиз учун ёки ҳар куни шу нарсани қилишимиз керак бўлгани учун эмас.

Аксинча Худованд билан янада яқинроқ бўла олишимиз учун ва у ибодатларимизга жавоб беришини кутиб, чин юракдан, ичимиздаги хоҳиш истакни тўлалигича ишга солиб ибодат қилишимиз керак. Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top