Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Эфирда руҳий жанг мавзусига бағишланган эшиттиришларимиздан яна бири. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Эришган озодлигингизни қандай сақлаб қоласиз? Муқаддас Китоб уқтирадики, ёвуз руҳлар инсонни тарк этганидан сўнг, орадан вақт ўтиб, яна қайтиб келиши ва унда яна жойлашиши мумкин экан.
Ҳар бир гуноҳкор инсон ўз гуноҳларини тан олиб тавба қилганидан кейин, яъни Ҳазрати Исода озодликка эришгандан кейин ҳам, унинг жону-танини яна эгаллаб олиш пайида юрган ёвуз кучларнинг таъсири ва ҳужумларига қайта-қайта йўлиқиши мумкин.
Бу ҳолат бир соат, бир неча кун ва ҳатто бир неча ойлар ўтгандан кейин ҳам юз бериши мумкин. Бироқ инсон Худога итоат қилишда давом этса, шайтонга қарши тура олади ва шайтон ундан қочади. Бу ҳақида Ёқуб мактубининг 4 боби 7 оятида ёзилгани ўқиб кўриб, амин бўлишимиз мумкин.
“Шундай қилиб, Худога итоат қилинглар. Иблисга қарши туринглар, шунда у сизлардан қочади”. Бир нарсани тушунишимиз керак: ғалаба қилдик, дегани билан кураш бутунлай тўхтаб қолмайди. Биз ўз озодлигимизни охиригача сақлаб қолишимиз зарур. Агар Худо билан тўғри муносабатда бўлсак, ҳеч қандай қўрқувга ўрин қолмайди.
Ҳазрати Исо Масиҳ озодлигимизни ишончли Қўриқчисидир. Биз ҳақиқат йўлини танлаб, Худонинг куч-қудратида маҳкам турсак, озодлигимиз ўз қўлимизда бўлади. Азиз радио тингловчи биродар, ўзингиз ва бошқа биродарларни қуйида келтирилган олтита пунктга амал қилишга чақиринг, шунда улар Раббимиз Исодаги озодликларини охиригача сақлаб қоладилар:
1. Имонлиларнинг яхши ва меҳр-оқибатли йиғилишларида иштирок этинг.
2. Ҳар куни Худо Каломини ўқинг ва ўқиганларингиз устида мушоҳада қилинг.
3. Фикр-ҳаёлларингизни Ҳазрати Исога бўйсундиринг.
4. Эски ўй-фикрлар, эҳтирослар ва ҳатти-ҳаракатларга қайтманг.
5. Кураш сизники, шунинг учун бошқа одамлардан ёрдам кутманг.
6. Муттасил дуода бўлинг — ҳар куни «Худонинг барча қурол-аслаҳалари билан
қуролланинг».
Ҳазрати Исонинг ҳаворийси Павлус, Эфесликларга мактубининг 6 боби 11оятида “иблиснинг ҳийлаларига қарши тура олиш учун” бизни барча қурол-аслаҳалар билан қуролланишга чақиради. Бу озодлик ва қарши тура олиш йўлидаги сўнгги қадамлар, деб айтишимиз мумкин. Бу қадамларга амал қилиб, иблиснинг турли найрангларига қарши туроласиз, деб ўйлайман.
Азиз радио тингловчи биродарлар, агар сизларда қандайдир муаммолар бўлса бизга шу ҳақида ёзиб юборинг. Сизлар учун ибодатда бўладиган кўплаб биродарларимиз бор. Бизнинг электрон манзилимиз: dilkash@najot.com Хайр, саломат бўлинглар.