Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сиз азизлар билан эфир орқали дийдор учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Мен Ғолиббек микрофон қаршисидаман. Бутун дунёда содир бўлаётган воқеалардан тортиб, ҳар бир қимирлайдиган, ҳатто қимирламайдиган нарсаларнинг барчасини Худованд Ўз донолиги ила бошқариб туради.
Айрим инсонларга шу ҳақида гапирсангиз, шундай экан, нима учун дунёда одамлар азоб чекишади, очликдан қийналишади ёки бўлмаса дунёнинг бурчак-бурчагида урушлар давом этиб, одамлар ўлиб кетишяпти деган саволни беришади. Албатта бундай саволга жуда оддий жавоб берадиган бўлсак, бундай воқеаларнинг содир бўлишида Худованд айбдор эмас, буларнинг барчаси гуноҳнинг оқибатидир.
Худованд бутун борлиқни яратибгина қолмай, ҳозирги кунга қадар шу борлиқни кун сайин ва соат сайин Ўз қўлида ушлаб турибди. Шу яратилган борлиқда Худованд Ўзининг тартиб ва қоидаларини бошиданоқ ўрнатиб қўйган эди. Ибронийларга мактубининг 1 боби 3 оятида шундай ёзилган оят бор:
“Ўғил — Худо улуғворлигининг инъикоси, Худо борлиғининг аниқ суратидир. У Ўзининг қудратли каломи билан коинотни асрайди. Гуноҳларимиз ювилиши учун имкон яратгандан сўнг, У самода Ҳазрати Олийнинг ўнг томонида ўтирибди”. Биз, инсонлар, Худованд яратган шу борлиқда яшар эканмиз, ҳар бир инсон Худованд олдида ўз қилмиши учун жавобгардир.
Лекин Худованд ҳар биримизга гуноҳларимиз кечирилиши учун катта имконият берди. Яъни Раббимиз Исони ерга юбориб, бизнинг гуноҳларимиз учун Уни қурбон қилди. Унинг хочдаги азобли ўлимига ишона олганлар нажотга эга бўлади. Нажотга эга бўлганлар эса доимо миннатдорчилик билан яшашга ўрганишимиз керак.
Худо бутун борлиқни бошида қандай яратган бўлса ва қандай тартиб-қоидалар ўрнатган бўлса, уни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Худованд шундай бўлишини хоҳлайди, чунки борлиқнинг эгаси Удир. Шундай экан, табиат ва ундаги бойликлардан инсонлар оқилона фойдаланиши лозим. Инсон нимадир топса, худди ўзининг топилмасидек қарайди ва ҳаммасини ўзи бошқаришни истайди.
Лекин шу топилма ва бойликларни ким яратганлигини ва Унга миннатдор бўлишни кўпинча ёдидан чиқариб қўяди. Ҳурматли биродарлар, Худованд биз, инсонларга, берган ажойиб борлиқ учун доимо миннатдор бўлайлик. Худованд бизнинг ҳаётимизни узлуксиз бошқариб боради, шу билан биргаликда биз ҳақимизда қайғуради ҳам. Шунинг учун ҳам ўзимизнинг ибодат режамизга миннатдорчилик ибодатини ҳам киритсак янада Худовандни хурсанд қилган бўлар эдик.
Ибодатларимизда бутун ер ости бойликлари ва шу орқали биз, инсонлар, ҳақида қилаётган ғамхўрлиги ҳақида эслаб турайлик. Азизлар, ўзингиздаги таклиф ва мулоҳазаларни бизнинг электрон манзилимизга юборишингиз мумкин. Бизнинг электрон манзилимиз: dilkash@najot.com Хайр омон бўлинглар.