MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи дўстлар. Дастуримизга хуш келибсиз. Микрофон қаршисида мен Зафарбек. Азизлар, сизга маълумки, қуйидаги дастурларимизни ибодат учун бағишлаганмиз. Лекин ибодат учун қўлимизни очишдан олдин Муқаддас Каломдан баъзи бир оятларни кўриб чиқамиз. Бугун биз азиз хаворий Юханнонинг биринчи мактубида тўхталиб ўтамиз. Эй маҳбубларим, бир-биримизни севайлик. Чунки севги Худодандир. Ҳар бир севувчи киши Худодан туғилган ва Худони танийди. Севмайдиган киши Худони танигани йўқ. Чунки Худонинг Ўзи севгидир. Худо бизга бўлган муҳаббатини очиқ кўрсатди: У ягона Ўғлини дунёга юбориб, У орқали бизга ҳаёт бағишлади. Биз Худони севмаган эдик, У бизни севди ва Ўз Ўғлини гуноҳларимизни ювиш учун қурбонлик қилиб юборди. Ана, бу муҳаббатдир! Эй маҳбубларим, Худо бизни шундай севганига яраша, бизлар ҳам бир-биримизни севишимиз қарздир. Ҳеч ким ҳеч қачон Худони кўрган эмас. Агар бир-биримизни севсак, Худо бизнинг ичимизда қолади ва Унинг муҳаббати бизда камол топади. Унинг бизга берган Руҳи орқали биламизки, Худо биз билан, биз Худо билан бир танмиз. Ота Ўз Ўғлини дунёнинг Халоскори қилиб юборди, буни биз кўрдик ва гувоҳлик берамиз. Агар ким Исони Худонинг Ўғли деб тан олса, Худо у билан, у Худо билан бир тан бўлиб яшайди. Худо бизга нақадар муҳаббат қўйганини биламиз ва бунга имонимиз комил. Худо севгидир. Севгини дилига жо қилган киши Худо билан бир тан бўлиб яшайди, Худо ҳам унинг вужудида яшайди. Шу тариқа севги дилимизда камол топади ва қиёматда сўроқ бўлганда дадил бўламиз. Чунки биз бу дунёда Масиҳ яшагандай яшаймиз. Севгида қўрқув йўқ, аксинча, комил севги қўрқувни қувиб чиқаради. Қўрқоқ кишида севги камолотга етмаган, чунки қўрқув жазо тушунчаси билан боғлиқдир. Биз Уни севайлик, чунки аввал У бизни севди. Агар бирор киши «Худони севаман» деса-ю, биродаридан нафратланса, у ёлғончидир. Кўриб турган биродарини севмаса, кўрмаган Худони қандай сева олар экан?! Ким Худони севса, биродарини ҳам севмоғи лозим, деган амрни биз Масиҳдан олганмиз. Исо Масиҳдир деб ишонган ҳар бир киши Худодан туғилган. Отани севган ҳар бир киши боласини ҳам севади. Агар Худони севсак ва Унинг амрларига амал қилсак, Унинг болаларини ҳам севишимиз шаксиздир. Худони севиш – Унинг амрларини бажо келтириш демакдир. Худонинг амрлари эса оғир эмас; чунки Худонинг ҳар бир фарзанди дунёни енгади. Мана шу бизнинг имонимиз дунё устидан ғолиб чиқди. Исо Худонинг Ўғли деб инонган кишидан бошқа ким ҳам дунёни енга оларди?! Азизлар, нақадар ажойиб оятлар, шундай эмасми. Дўстлар, келинг биз хам қўлимизни ибодатга очиб Худодан бизни севишни ўргатишини сўраймиз. Азиз Отажон, бизга абадий ҳаёт берганинг учун ва яратганларинг орасида бизни юқорига кўтарганинг учун Сендан миннатдорман. Худойим, Сен севги Худосисан, бизни хам севишга ўргат. Биз хам биродарларимизни ва душманларимизни бирдек севишни ўрганайлик. Биз хам севгимиз туфайли хаётимизни қурбон қилишга таёр бўлайлик. Худойим, Сенинг мухаббатингни чегараси йўқдир, Сен севгингни хазрати Исо Масих орқали исбот этдинг. Энди севиш қобилиятисиз яшашни хожати йўқдир, биз Сени билар эканмиз унда севишни хам билишимиз керак. Худойим, бизни ўргат, бизга севишни ўргат. Одамлар қандай бўлишидан қатъий назар уларни севиб улар учун ибодат қилишни ўргат. Азиз Отажон, Сенинг муқаддас исминг улуғлансин, Сенинг муқаддас севгинг бутун оламга ёйилсин. Омин. Азизлар, бизга ажратилган вақт хам ўз нихоясига етди. www.najot.com сайтимизга киришни унутманг. Хайир азизлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top