3:32

Худо Каломини хамма жойда гапириш

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, бугун Каломни ўқиб, хаворий Павлуснинг Тимўтийга берган қатъий буйруғига кўзим тушди. Ушбу оятларни ўқиб, Павлуснинг Исо Масихга бўлган имони нақадар кучли бўлгани ҳақда кўпроқ тушундим. Келинг, ушбу оятларни сизга хам ўқиб берсам. Хаворий Павлуснинг Тимўтийга йўллаган иккинчи мактубнинг тўртинчи бобида шундай оятлар бор. “Худонинг ҳузурида ҳамда тиригу ўликларни ҳукм қилажак, кўкдан тушиб, Ўз салтанатини жорий қилажак Исо Масиҳ ҳузурида сенга қатъий буюраман: Худо каломини ваъз қил, ҳозир бунинг вақтими, вақти эмасми, демай, доим гапиришга тайёр бўл. Бутун сабр-тоқат билан таълим бериб, одамларни мулзам қил, уларга таънаю насиҳат қил.

Чунки шундай вақт келадики, одамлар соғлом таълимотга чидаш бермайдилар, натижада ўз орзуларига мос муаллимлар тўплайдилар. Бу муаллимлар ўшандай одамларнинг қулоқларига ёқадиган сўзлар айтадилар. Улар қулоқларини ҳақиқат каломидан беркитиб, афсоналарга буриладилар. Аммо сен ҳамма нарсада ҳушёр тур, азобларга сабр-тоқат қил, Инжил воизлигингни бажо келтир, хизматингни сидқидилдан ижро этгин. Менинг қоним энди қурбонлик шароби каби тўкилмоқда, дунёдан ўтишимга сал қолди. Улуғ курашда астойдил курашдим, умр довонини ошиб бўлдим, имонни сақладим. Бундан кейин солиҳлик тожи мен учун тайёр турибди. Одил ҳукм қилувчи Раббим Исо кўкдан тушиб зоҳир бўладиган кунда у тожни менга беради, ва фақат менга эмас, балки у кунни муштоқлик билан кутаётганларнинг ҳаммасига ҳам беради.”

Азизлар, нақадар таъсирчан оятлар, шундай эмасми? Сизни билмадимку, лекин бу оятлар мени янада кўпроқ хизмат қилишга чорлади. Ва бугунги ибодатимни айнан шу мавзуга бағишламоқчиман. Хозир қўлларимни ибодат учун очаман. Истасангиз сиз хам мен билан бирга ибодат қилинг. Агар ибодат қилишни билмасангиз, асло хижолат бўлманг, бемалол кетимдан қайтаринг. Осмондаги Отажон, бизнинг одил ҳукм қилувчи Раббимиз, нажотинг учун рахмат. Худойим, мени ҳам хизматинга таёрлагин. Мен хам хамма ерда жасурлик билан Нажотинг ҳақида гапиришни истайман. Ҳозир бунинг вақтими, вақти эмасми демай Каломингни ваъз қилишни истайман. Бутун сабр-тоқат билан таълим бериб, одамларни мулзам қилиб, уларга таънаю насиҳат қилишни истайман. Худойим, мени хамма нарсада хушёр туришимга ёрдам бер. Азобларга сабр тоқат қилишга мени ўргат. Мен хам тожга эга бўлишни истайман.

Мен хам, Нажот хушхабарингни катта хурсандчилик билан одамларга етказишни истайман. Қандай қийинчиликларга дуч келмай, қандай қувғинларга дучор бўлмай, нафасимнинг охиригача Нажотинг ҳақида ҳабар қилишни истайман. Худойим, мени Муқаддас Рухинг билан тўлдир. Барча ишларим, барча айтадиган гапларим фақат Муқаддас Рухинг ёрдамида амалга ошсин. Худойим, Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдим. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун рахмат. Бордию сизда хам, ибодат эхтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда хабар қилинг, биз сиз учун ибодат қиламиз. Исмингиз эфирга узатилмайди. Бундан хавотир олманг. Мактубингизни dilkash@najot.com электрон манзилига йўлланг, ёки www.najot.com сайтига кириб хабар қолдиринг. Хайир, омон бўлинг азизлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top