MP3

Ассалому алайкум. Зерикиш. Бу сўз кўпчилик эркакларга таниш. Ҳаётнинг ундовлари билан, ўзимизга ёқмайдиган касбни танлагандирмиз, ёки бўлмаса ўзимиз ёқтириб танлаган бўлсак-да, ишимиз доимо бир хил бўлгани учун ундан зериккандирмиз. Зерикиш бу бекорчилик эмас. Бекорчиликдан зерикадиганлар ҳам бордир. Аммо ишидан кундалик ҳаётидан зерикиш кўпчиликда бор. Ўтган сафарги суҳбатларимизда толиқиш ҳақида гаплашгандик. Зерикиш ҳам толиқишни келтириб чиқаради.

Тасаввур қилинг, қилаётган ишингиздан мамнун бўлмасангиз, касбингиз сизга қувонч бермаса, ундан зерикасиз, зериксангиз ҳам иложсизликдан ишга борасиз, бу кайфиятда ишлаш кишини ниҳоятда толиқтиради. Ҳаммага маълумки жисмоний ҳаракатдан кўра ҳиссий ҳолатимиз чарчоқни келтириб чиқаради. Мутахассислар талабаларга зерикарли бўлган текстни 90 дақиқа давомида ўқиб чиқишни буюришибди. Бу текст талабалар учун зерикарли эди. Вақт охирида шу нарса маълум бўлдики, текстни ўқиш жараёнида кўпчилик ухлаб қолди, баъзиларининг боши оғриди, кўзлари толиқди ва асабий бўлиб қолишди. Англагандирсиз, киши ўзи қизиқмаган иш билан шуғулланганда ҳам шундай ҳолатлар юз беради.

Масалан сиз балиқ овига бордингиз. Икки-учта катта балиқлардан тутдингиз, кунингизнинг ярми кутиш билан ўтган бўлса-да, кун охирида кайфиятингиз чоғ эди. Ахир учта катта – катта балиқ тутдингиз-да. Аммо бу ҳолатга бошқача томондан қараб кўринг. Агар балиқ тутиш машғулоти сиз учун зерикарли бўлганда ўзингизни қандай ҳис қилган бўлардингиз. Ишонтириб айтаманки, кун охирида кайфиятингиз расво бўлган бўларди.

Армияга борган бўлсангиз биласиз, ҳарбий машғулотлар ўрнига, ванна ёки бошқа жойни тозалаш сиз учун зерикарли бўлган. Агар бу ишни ҳар куни буюришган бўлса-чи? Бу иш сиз учун энг оғир ҳарбий машқдан ҳам оғирроқ туюлгани аниқ. Энг асосийси бу ишдан зериккансиз. Бунинг натижасида кайфиятингиз ёмон бўлган, асабийлашгансиз. Бу табиий ҳол, ахир сизга болалигингиздан бери орзу қилаётган, ҳарбий машқларни қилиб кўришга рухсат беришмади-да. Ҳар бир йигитнинг бошида бор бу ҳолат.

Ишингиз қанақа? Ақлий меҳнат билан шуғулланасизми? Ақлий меҳнат кўп ҳам кишини толиқтирмайди, лекин кун давомида қилишга улгурмаган ишлар кишини толиқтиради. Кунингиз у ёққа чоп, бу ёққа чоп билан ўтиб кетди. Тайинли бир иш қилмадингиз, лекин кун охирида уйга оёқларингизни судраб, бошингиз оғриб қайтиб келасиз. Ишингизни алмаштиришнинг иложи йўқ. Балки кимлардадир бордир, бироқ ҳаммада эмас. Шундай экан, ишингизни имкон қадар ўзингизга қизиқарли бўлиши учун ҳаракат қилинг. Ишингиз қандайлигига қараб, кун давомида қанча ишга улгурганингизни ҳисобланг.

Ҳар куни кўпроқ иш қилишга ҳаракат қилинг. Кун охирида эса хисоб-китоб қилинг, бугун қанча ишга улгурибсиз. Натижада ишингиз ўзингиз учун қизиқарли бўлиб бораётганини ҳис қиласиз. Зерикиш ва толиқишдан ҳам ҳоли бўласиз. Ундан ташқари ишингизнинг ижобий томонлари ҳақида фикр юритинг. Кайфиятингиз ҳам яхшиланади, бош оғриқлари ҳам камаяди. Муҳими ишингиздан зерикмайдиган бўласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top