3:14

Болаларни жазолаш керакми?

MP3

Дунёда болалар сони нечта бўлса, уларнинг ота оналари жазолаш мавзусига турлича ёндошишади. Баъзилари жазолашни шафқатсизлик, деб ҳисобласа, баъзилари буни шарт деб билишади. Агар сиз ҳам жазолаш керак деб ҳисобласангиз, унда болангизга муносиб жазо беришни билишингиз керак.

Болангизга муносиб жазо бериш осон иш эмас. Нега дейсизми? Жазо, биринчидан, боланинг қилмишига лойиқ бўлиши керак. Сабаби бола ҳукм одил ва асосли бўлсагина уни қабул қила олади. Сизнинг чегарадан чиқиб кетган, қўпол муомалангизни улар адолатсизлик деб билади. Ëмон иш қилганида юмшоқлик қилганингизни ҳам сезади. Ота-онасининг ўзига, хусусан, опа-сингиллари ва ака-укаларига қилган муносабатларини мунтазам кузатиб боради, ўзича уларни таққослаб кўради.

Ота-онанинг болалар устидан ҳаққоний талаблар қўйишининг сабаби ҳам худди мана шу ерда. Улар ҳаққоний талаб қўйиш билан биргаликда меҳр-муҳаббат беришни ва интизомга ўргатишни тенг олиб бориш шарт. Қўйилаётган талаблар ўзгартирилмаслиги мумкин, лекин жазо усулларини ўзгартириб туриш керак.

Ота-оналар ҳам баъзан адашишади. Агар сиз жазолаш ҳақидаги қарорни ўзгартириш мумкин эмас, деб ўйласангиз катта хато қилган бўласиз. Ота-она вазиятга қараб туриб жазонинг даражасини кучайтириши ёки камайтириши мумкин. Бу ерда тан жазосини қўллагандан кейин уни ўзгартириб бўлмаслигини ҳам ҳисобга олиб қўйишингиз лозим. Ота-она жазо ижро этилгандан сўнг ўз ҳатти-ҳаракатларини унга мувофиқ равишда олиб бормаса, қабул қилинган қарор яхши самара бермайди, болани чалғитади.

Масалан, айб иш қилган болани бир соат ётоқхонасидан чиқмасликка қарор қилиб, айбини енгиллаштирувчи далил топилиши биланоқ уни хонадан чиқариб юборишдан олдин буни ўйлаб кўриш керак. Агар ростдан ҳам ортиқча жазоланган бўлса, болага тушунтириб, жазони енгиллатишга ва ундан кечирим сўраб қўйишга тўғри келади.

Ота-она керак бўлганда жазо усулини енгиллатиши ва ўз боласидан кечирим сўрашга доимо тайёр туриши даркор. Ҳар бир оилада бу каби воқеалар бўлиб туради.

Интизомга ўргатиш борасида, айниқса бола ёш бўлган даврларда жазо усулларини ўзгартириш ва талабларда маҳкам туриш, бу – иккита нарса саналади. Иккаласи ҳам ўта муҳим аҳамиятга эга. Ўз фикрингизда собит туришингиз қўйилган талабдан кутилаётган натижага ҳамда фарзанднинг талабларингизга нисбатан бўлган муносабатларига кўп томонлама боғлиқ.

Талабларимиз ўринсиз бўлган ҳолларда бизни адашган деб ҳисоблаш мумкин. Масалан икки ёшли гўдакдан ҳамма айтилганларни сўзсиз бажаришни талаб қилиш. Одатда, икки ёшли болалар ота-онанинг талабларига нисбатан кўпроқ тескари иш тутадилар ва унга қулоқ тутмайдилар. Буни табиий деб тушуниш керак ва ортиқча талаб қўйиб, икки ёшли болани жазоламаслик лозим.

Бундай ёшда боланинг ота-онаси агар ўз боласини севсалар, унга нисбатан қатъий туриб, қаерда талабни бажариш лозим ва қаерда фарзандни кечириш мумкинлиги чегараларини белгилаб олишлари зарур. Бундай боланинг ота-онаси уни бир вазиятдан иккинчи вазиятга олиб ўтиб хулқини бошқаради. Икки ёшли болаларда учрайдига гапга қулоқ солмаслик ҳолати одатий меъёр саналади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top