3:11

Жазолашда боланинг ёшини ҳисобга олинг

MP3

Албатта ҳамма оилалар ҳам жазолашни маъқул кўрмайдилар. Бироқ боланинг қилган ёмон ишини эътиборга олмасангиз, ундан кўз юмсангиз, бола бу ёмон қилиқларини яна ҳам ўстириб бораверади. Болага тўғри-нотўғри деган тушунчалар ёшлигидан ўргатилиши, атайлаб ёмон иш қилганида жазолаш талаб этилади. Жазолашни турли ёшдаги болалар учун турлича қўллаш зарур. Агар 4-6 ёшли фарзандингиз гапингизга қулоқ солмаса, албатта уни жазолашнинг бирор турини топишингиз керак. Бироқ икки ёшли болакай гапингизга кирмаса, буни кечириш мумкин. Чунки икки ёшли болаларда учрайдиган гапга қулоқ солмаслик ҳолати одатий меъёр саналади. Бу ота-онага ўзини кўрсатиш шакли бўлиб, уни исён сифатида қабул қилмаслик лозим.

Дарҳақиқат, биринчи қарашда у исён бўлиб туюлиши мумкин, аммо боладаги бу табиий ҳолат бутунлай бошқача мазмунга эга. Бундай табиий ҳолат учун болани жазолаб ўтириш шарт эмас. Агар бола ҳақиқий исён қилаётган бўлса, дарҳол бунинг чорасини кўриш керак. Ота-она, албатта, унинг ҳар бир ҳаракатини назардан қочирмаслиги хулқини тўғрилашнинг бошқача йўлларини қидиргани маъқул.

Бола улғайгани сари гапга қулоқ солиш қобилияти ривожланиб боради. У тўрт ёшга кирганида гап уқишига умид қилса бўлади. Болалар ота-она бирор нарса айтганида биринчи мартадаёқ бажаришни ўрганишлари керак. Улар ўзларининг ноўрин ҳатти-ҳаракатлари учун қандай жазо берилишини билишлари керак. Ўз талабимизда собит туриш, бу қўполлик қилиш дегани эмас.

Биз бу билан талабларимиз натижасини кўрмоқчимиз холос. Ўз мақсадимизга эришиш, боламизни тўғри йўлга бошлаш учун меҳр-муҳаббатга асосланган ҳолда иш тутсак, бунинг самараси ҳар доим яхши бўлади. Меҳр-муҳаббатга асосланган қатъийлик ҳеч қачон ғазаб, шовқин-сурон, нохушлик олиб келмайди.

Шу ўринда энг керакли бўлган ҳаётий сабоқни ўзлаштириб олинг. Агар болангизга тўғри тарбия беришни хоҳласангиз, унга меҳр-муҳаббатингизни ҳар доим тўлиғича беринг. Бола нигоҳингиздаги, силаб-сийпалашингиздаги унга қаратилган эътиборни, меҳр-муҳаббатни интизом чоралари билан биргаликда қабул қилмоғи зарур. Улар бир-бирини инкор қилмайди. Қатъийлик меҳр орқали юмшаб кетмайди, аксинча, меҳр қатъийликнинг мақсадга мувофиқ эканлигини таъминлайди.

Қатъийликнинг етишмаслиги ва хулқ – атворда аниқ чегаранинг бўлмаслиги болада ўзбошимчаликни келтириб чиқаради, меҳр-муҳаббат ва самимият эса бунинг олдини олади.

Тушунган ота-оналар болага бутун меҳр-муҳаббатини берган бўлсалар ҳам, у очиқ исён қилишда давом этса, хулқини ўзгартирмаса, албатта, уни жазолаш керак бўлади. Жазо чоралари, бир томондан, боладаги исённи ўнглаш учун кескин бўлиши, иккинчи томондан эса мумкин қадар нохуш вазиятларни келтириб чиқармаслик мақсадида кучайиб кетмаслиги лозим. Агар оддийгина илтимос қилиш ёки буюриш орқали исённи тўғрилаш мумкин бўлса, бизга бундай кескин жазо чоралари нима учун керак? Агар жазолаш маълум бир вақтга қадар болани ўз хонасига юбориш билан кифояланса – бу жуда аъло иш бўларди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top