Агар сиз жаҳл устида бир-икки оғиз аччиқ-тизиқ гап билан аламингизни бировдан олсангиз, кўнглингиз бўшаб, ёқимли «енгил тортасиз». «Ниш урган» суҳбатдошингиз-чи? Бу завқу шавқингизни у сиз билан баҳам кўра оладими? Нодўстона ва тажавузкор ифодангиз уни сизнинг фикрингизга қўшилишга мажбур қиладими? Бир руҳшунос шундай деган эди: «Агар сиз менинг ҳузуримга тугилган мушт билан келсангиз, менинг муштим ҳам сизникидан бўшроқ тугилмайди. Бироқ агар, келинг ўтириб маслаҳатлашайлик, фикрларимиз турлича бўлса ҳам қаерда хато қилаётганимизни тушуниб олайлик – десангиз муросага келамиз».
Бу фикрнинг ҳаққоний эканлигини ҳеч ким кичик Жон Рокфеллерчалик қадрламаса керак. 1915 йилда Рокфеллер Колорадо штатида қаттиқ нафратга дучор бўлган шахс эди. Америка саноатида йирик қонли иш ташлаш ҳукм сурарди. Рокфеллер бошқараётган компания ишчилари ҳам иш ташлашлар қилди. Атрофда нафрат алангаси авж олган шундай паллада Рокфеллер кишилар олдига чиқиб, нутқ сўзлади. Унинг бундай нутқ сўзлашини ҳеч ким кутмаган эди. У ўз нутқидаги фактларни шундай дўстона оҳангда ифода этдики, натижада иш ташловчилар иш жойларига қайтдилар. Икки йилдан бери курашиб ётган мақсадлари – иш ҳақини ошириш ҳақида бирор оғиз сўз ҳам демай яна ишлай бошладилар. Ҳозир сизга мана шу нутқдан бир парча ўқиб эшиттирмоқчиман.
«Мен шу ерда турганимдан фахрланаман, «мен сизнинг хонадонларингизда бўлиб, хотин-бола чақаларингиз билан танишдим», «биз бу ерда бегоналар эмас, балки дўстлар сифатида учрашиб турибмиз», каби ибораларга тўла эди. У «ўзаро дўстлик руҳи», «умумий манфаатлар» ҳақида эслатиб ўтишни ҳам унутмади.»
«Бугун ҳаётимдаги шарафли кун, — нутқини бошлади Рокфеллер. – Илк бор мана шу йирик компаниянинг ишчилари билан учрашиш бахтига муяссар бўлиб турибман. Мен бу ерда турганимдан фахрланаман ва бир умр эслаб юраман. Агар бу учрашув икки ҳафта бурун содир бўлганида, мен бу ерда кўпчилигингиз учун бегона сифатида турган бўлар эдим. Бироқ ўтган ҳафта мобайнида мен жанубий кўмир ҳавзалари лагерларида бўлиб, вакилларингизнинг ҳар бири билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашиш, хонадонларингизга бориб, хотин-бола-чақаларингиз билан танишиш имкониятига эга бўлдим.
Шу боис ҳозир биз бегоналардек эмас, балки дўстлар сифатида учрашиб турибмиз. Ана шу дўстлик руҳидан келиб чиқиб, умумий манфаатларимизни муҳокама қилиш имкониятига эга бўлганимдан мамнунман.»
Бу душманни дўстга айлантиришдек нозик санъатнинг ажойиб намунаси, шундай эмасми? Фараз қилайлик Рокфеллер бошқача йўл тутиб, кончилар билан тортишиб кетди, уларни рад этиб бўлмас фактларга кўмиб ташлади. Уларнинг ноҳақликларини сўз оҳанги ва киноялар билан тушунтирди. У ҳолда нима бўлар эди? Бу ишчиларнинг нафратини янада алангалатиб юбормасмиди? Агар инсон қалби сизга нисбатан нафрат билан тўлган бўлса, унда ҳеч қандай мантиқ уни сизнинг нуқтаи назарингиз томон оғдиролмайди. Рокфеллернинг тутган йўлидан андоза олган ишбилармон кишилар иш ташловчиларга дўстона муносабат муваффақият билан оқлашини тушуниб етишдилар.