3:06

Бўйдоқларга маслаҳат

MP3

Биз оила мавзусида кўп бора суҳбатлашган бўлсак-да, оила қуришга тайёрланаётган йигитлар мавзусини ҳали ёритмагандик. Бугун мана шундай имкониятга эгамиз. Демак бугунги суҳбатимиз айнан уйланиш тараддудида юрган ёш бўйдоқ йигитлар учун. Маслаҳатларимизга қулоқ солинг.

Ҳеч қачон беҳуда ва тасодиф билан танишган қизларга кўнгил қўйманг. Сабаби, сиз унинг ўтмишини билмайсиз. Учраган қиз сулув бўлса, шубҳасизки, ошиқлик дардига мубтало бўласиз. Унинг ўтмишидан хабар топгач эса, ажралишга тўғри келар. Бунда сиз муҳаббат аталмиш неъматнинг марҳаматидан маҳрум бўласиз. Илло бу ноёб ҳиссиёт инсонга бир бора насиб этади. Енгил ҳавас деб муҳаббатнинг дийдоридан маҳрум бўлманг.

Агар бирор қиз билан танишгудай бўлсангиз, қизиқ – қизиқ воқеаларни айтиб кулдиришга уриниб кўринг. Агар у сўзларингиздан таъсирланиб, юзини чеккага буриб ёки оғзини паналаб кулса, дўст тутининг. Борди-ю, арзимаган нарсага ҳам тишининг оқини кўрсатиб шарақлаб кулаверса, ундан ўзингизни йироқ тутинг.

Агар сизнинг ёқтирган қизингиз бўлмаса, асло қайғурманг. Ота-оналарнинг ташаббуси билан турмуш қуриб бахт топганлар оз эмас. Бироқ сиз шошилманг. Келин бўлмишнинг уйига бораётган яқин кишингиздан хонадоннинг саранжом саришталигини суриштиринг. Бунга шубҳа бўлса, учрашув чоғи бекатда қизга писта тутинг. Агар қиз унинг пўчоғини учраган жойга ташлайверса, ўша гумон тўғри бўлади. Бир кишининг учта бўйи етган қизи бор эди. Ҳуснда парилардан қолишмасди. Бир подшоҳнинг оқил ва паҳлавон ўғли бор эди. Опа-сингилларнинг таърифини эшитгач, улардан бирини келин қилиш фикрига тушди. Вақтни ўтказмай вазирни совчиликка юборди. Қизларнинг хонадонига келган вазир синчков эди, шу куни ҳовлининг четидаги супуринди олинмаганини кўрди. Бу куни ҳовлини катта қиз супурган эди. Иккинчи келишида ҳам бу ҳол такрорланди. Ҳовлини ўртанча қиз супурган эди. Учинчи кун эса ҳовли ярақлатиб супурилган, супуриндилар олинган, кўчага сувлар сепилган эди. Совчи подшоҳга ана ўша кенжа қизни келин қилишни маслаҳат берган экан.

Қизлардаги ақлу фаросат кийинишидан, ўзини тутишидан билинади. Кўз қарашларидан англашилади. Булардан ташқари, сиз бўлғуси умр йўлдошингизнинг қўли очиқлигини ҳам текшириб кўринг. Бунинг йўли осон. Бирга кетаётганингизда садақа сўраб турганларга каттароқ миқдорда ҳайр қилинг. Шунда танишингиз бунга ўз муносабатини билдиради. Агар дилидагини ошкор этмайдиганлар хилидан бўлса, сиздай «қўли очиқ» одам билан турмуш қуриш фикридан воз кечади. Ўйлаймизки, бу сиз учун жуда фойдали.

Сиздан ёши катта ва уйланиб бола чақали бўлган яқинларингиз билан маслаҳатлашинг. Уларнинг уйланиш борасидаги фикрларини билиш сиз учун фақат фойдали бўлади. Уйланишдан олдин ўз-ўзингизни текширинг. Уйланиб оилали бўлишга тайёрмисиз? Аёлингизни, ўзингизни, келажакда фарзандларингизни таъминлашга кучингиз, имкониятингиз ва энг асосийси иродангиз етадими? Бу нарсалар ҳақида тўйдан олдин бош қотиринг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top