3:08

Бола учун спорт

MP3

Биз суҳбатларимиз давомида оиламизнинг мустаҳкамлигига катта ҳисса қўшадиган болажонлар мавзусига кўп бора мурожаат қилганмиз. Аммо боланинг ҳаётида спортнинг ўрни ва уларга мос спорт турини танлаш ҳақида ўйлаб кўрмаган эканмиз. Спорт турини танлаш ҳақида гап кетар экан, ёшлигимдаги бир воқеа ёдимга тушди. Укамни мактаб қошида очилган «Карате» тўгарагига ёздирдик. Аммо ҳар сафар у машғулотлардан қочиб келаверарди. Бир куни мажбурлаб олиб бориб қўйдим. Лекин у яна қочиб келди. Шундан кейин спортнинг ҳеч бир тури билан шуғулланишни истамади. Бу воқеани бежизга ёдга олганим йўқ. Ота-оналар кўпинча боласи учун спорт турини танлаётганда, ёшлигида ўзлари орзу қилган аммо етиша олмаган, ёки бўлмаса ўзларига ёққан спорт тури билан шуғулланишини исташади. Бу нотўғри. Спорт турини боланинг ўзи танлаши керак. Бола танлай олмаган ҳолатда, ота-она фарзандига спорт турини танлашга ёрдам беришлари мумкин.

Спорт нафақат болаларнинг балки катталарнинг ҳам агрессивлик ҳолатидан чиқишига, феъл-атворини тарбиялашга, куч-қувватга тўлишига ва кайфиятнинг кўтарилишига ёрдам беради. Шунингдек, ўзлигини англашнинг ҳам ажойиб усулларидан биридир. Эътиборли томони шундаки, жисмонан чиниқиш сурункали касалликлардан ва оддий вирусли инфекциялардан ҳимоя қилади. Айниқса, бола организмининг ташқи таъсирларга сезувчанлиги кучли бўлади. Шундай экан, фарзандингизни бирор бир спорт турига жалб этиш ҳақида ўйлаш вақти келди.

Болани маълум бир спорт тўгарагига аъзо қилишдан олдин ўзингизга қуйидаги саволларни бериб кўринг:

Нима сабабдан фарзандингизнинг айнан шу спорт тури билан шуғулланишини истайсиз? Бу спорт тури билан шуғулланадиган бола профессионаллик даражасига кўтарилишни хоҳлайдими ёки шунчаки машғулотлар билан чегараланиб қоладими?

Спорт майдони ёки сув ҳавзасига болани ким олиб бориши ҳақида ҳам ўйлаб кўринг. Юқоридаги масалалар ҳал қилинганидан кейингина спорт турини танлашга киришинг.

Спорт мактаби ёки тўгаракларни боланинг феъл-атворига қараб танлаш керак. Ювош ва ҳотиржам феълли болага баскетбол каби кўп ҳаракатли ва шиддатли спорт тури тўғри келмаслиги мумкин. У ўзини гимнастика ва акробатикада синаб кўрса, мақсадга мувофиқ бўлади. Бир жойда ўтира олмайдиган, ҳаракатчан қизчани тинчлантириш учун шахмат ёрдам бера олмайди, уни теннисга жалб этганингиз маъқул. Тўп ортидан югуриш, уни кузатиш қизалоқни босиқ ва эътиборли бўлишга ўргатади.

Спорт боланинг тортинчоқлик, мулоқотга кириша олмаслик каби камчиликларини бартараф этади. Унинг ўзига ишонадиган бўлишига, эътиборини ривожлантириш, қоматини тик тутиб юришга ёрдам беради. Агар фарзандингиз бирор бир қийинчиликка дуч келган бўлса спортнинг қайси тури уни тузата олиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўринг. Агар ўзингиз бирор бир спорт тури билан шуғулланмаган бўлсангиз, бу фарзандингиз албатта бунинг уддасидан чиқиши керак дегани эмас. Спорт тўгаракларига қатнашиш унга яхши кайфият бериши керак. Шунинг учун доимо фарзандингиз фикрини ҳам билишга ҳаракат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top