3:25

Турмуш ўртоқ топишни биласизми?

MP3

Биз уйланмоқчи бўлсак, онамизга ё бўлмаса бирон бир аёлга совчилик мажбуриятини юклаймиз. Совчиларимиз биз кўрмаган ва аҳволидан хабаримиз бўлмаган, қизи бўлган бирор ҳовлига борадилар. Уй эгалари бу совчиларни иззат-ҳурмат қилмасалар, қизларига мингта айб қўйиб бошқа ҳовлига кириб борадилар. Агарда шу хонадон уларни яхши кутиб олса, еб-ичиш орасида қизни минг мадҳу санолар билан мақтаб чиқадилар. Кўз ола бўлса-шаҳло кўзли, юзида чипқон изи бўлса-руҳи ҳарир, бурни пачоқ бўлса-чимчилагандек деб мақтаб, бечора куёвни бу ҳаёлий ва шоирона ташбеҳлар билан мафтун қиладилар. Куёв ҳам мажбур бўлиб, қизга расмий совчилар юборади. Қизнинг онаси ва қариндошлари «куёв кўришга» келадилар. Аммо улар куёвни эмас, балки унинг уй-жойини ва мол-мулкини кўриш учун келадилар. Улар йигитнинг уй-жойини ёқтирар экан, катта ҳовли ва сарполарни олгандан кейин, ваҳ-ваҳ…оламни куёв мақтови билан тўлдирадилар.

Куёв бадбашара ва ёмон хулқли бўлса ҳам: «Бу куёв фариштага ўхшайди, худо уни шу қизимиз учун осмондан туширган», — деб мақтаб ҳукм чиқарадилар. Бечора қизни шу хонадон ва сарполар учун қурбон қиладилар. Уйланиш учун танланган йўл, асосан шундан иборат. Шундай расм-русм яхши натижа берадими? Асло йўқ! Бу маълум қоиданинг натижаси шулким, кўпинча фотиҳадан кейин ва никоҳдан олдин келин ва куёв ўрталарида жанжал бўлади. Бу ўзаро душманлик келин ва куёв муносабатларига таъсир этмасдан қолмайди. Бундай хатардан сўнг никоҳ ҳам ўтади. Биринчи кечани чимилдиқ остида ўтказиб, биринчи марта мулоқотда бўладилар. Шу нарса аниқки, эр-хотинликнинг асоси бўлган муҳаббат уларнинг ўрталарида пайдо бўлмайди. Балки уларнинг ўрталарида мана шу уч ҳолатдан бири мажбуран содир бўлади. Бир-бирларига меҳр-муҳаббат ҳам, нафрат ҳам туймайдилар, яъни биринчи мулоқотлари икки бегона одамнинг муносабатларига ўхшаб кетади.

Маълумки, бу муносабат ҳам ҳалокатлидир. Иккинчиси, келин-куёвдан ёки куёв келиндан нафратланади. Агарда шу биринчи мулоқот бегона одамларнинг муносабатига ўхшаб кетса, ҳаётлари хавфли бўлади. Бир ҳафта, бир ой, ёки бир йилдан сўнг уларнинг феъл атворлари бир-бирларига мос тушмай, ўрталарида нафрат пайдо бўлса, қолган умрлари ниҳоятда азобда ўтиши мумкин. Баъзан эр арзимас баҳона билан, масалан, ошга ёғни кўп солдинг, ёки гўштни куйдириб юбординг, деб хотинини уриб майиб қилади. Баъзи аёллар ҳам арзимаган сабаб билан эрларини ҳалойиқ ўртасида шарманда қиладилар. Хотин эрининг бойлигини атайлаб исроф қилади, эри ҳам хотинининг бошига тушган балоларни била туриб ўзини кўрмаганга солади.

Оилаларимиз ўртасидаги бундай ёмон ишлар муҳабатсизлик натижасидир. Муҳаббат бўлиши учун эса, йигит билан қиз гарчи ота-оналарнинг ташаббуси билан никоҳ қурмоқчи бўлсалар ҳам, бир-бирларини ўрганишлари учун вақт олишлари керак. Мабодо йигит қизни ёқтирмаса, ёки қиз йигитни ёқтирмаса, ҳали вақт бор, бемалол ўзларига бошқа умр йўлдошини топишлари мумкин. Уйланиш борасида ҳамма жавобгарлик ва ташаббусни ота-онага ташлаб қўймай, бу жараёнда йигитлар ҳам фаол бўлишлари шарт. Қарс икки қўлдан чиқади. Ҳар икки томоннинг фикрлари уйғунлашиб, келажакда севимли ва садоқатли ёр бўла оладиган турмуш ўртоқ топилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top