Бу воқеа 1994 йили Кичик Осиёда бўлган воқеа. Воқеа ёш оила ҳаётида бўлиб ўтган. Бу оила, масиҳий бўлгани учун доимо қувғинларга учрарди. Бир шаҳарда узоқ қололмасдилар. Уларнинг масиҳийлигини сезган қўшнилар, тезда яқин атрофдаги полиция маҳкамасига бориб хабар беришар, полициячилар эса уларнинг ҳар бир қадамини назоратга оларди. Уларникига келиб кетаётган ҳар бир киши қўшнилар ва полиция ходимлари назаридан четда қолмасди. Ҳар сафар уйларига меҳмон келиб кетганидан кейин, ёки меҳмон келганидаги қўшниларнинг уйга кириб келиб уларнинг кимлигини суриштиришлари, ёш оилани қийнаб юборарди. Ҳурмат ва муҳаббат юзасидан қўшниларига қаттиқ гапира олмас, доимо ҳушмуомалалик билан жавоб беришга ҳаракат қилардилар.
Бу оиланинг хушмуомалалиги ва меҳрибонлигини суистеъол қиладиганлар ҳам топиларди. Уларникида бўладиган йиғилишлар яширинча ўтказилсада, бундай сўроқ – саволлар ёки назоратлар оқибатида бир кун ошкор бўлиб қолар, уларнинг ижарага олган хонадонини полиция босиб, ҳамманинг назарида уларни ёмонотлиқ қиладиган, ҳақоратли сўзлар билан сийларди. Полиция масиҳий оила билан қўшнилар орасига адоват солиб, уларни қўшнилар, маҳалладагилар орқали ҳайдаб солишга эришарди.
Улар яна бошқа шаҳарга кўчиб келишди. Ëш боласи, кўч-кўрони билан доимо шаҳардан-шаҳарга кўчиб юриш осон бўлмасди. Бу шаҳар уларга бегона бўлса ҳам, яқин атрофда масиҳийлар бор йўқлигини суришитириб, бир нечта имонли аммо узоқ вақтдан буён биродарлар билан йиғилишмаган, кундалик ташвишларга ўралашиб, масиҳийлигини ҳам деярли унутаёзган кишилар билан танишишди.
Биродарларни меҳмонга чақиришди. Аксига олиб улар кўчиб келган кўп қаватли уйда ҳам ҳаммани назорат қилиб юрадиган бир кампир бор эди. Бундан бехабар оила, яқиндагина танишган биродарлар билан танишув йиғилишини ўтказишди. Уларни меҳмон қилишди. Овқатланиб бўлишгач, чой ичиб турли гувоҳликлардан гаплашиб ўтиришди. Шу пайт эшик жиринглаб, полициячилардан бир нечтаси қўшни кампир билан бирга кириб келди. Улар меҳмонларни сўроққа тутиб кетишди. Уларнинг юракларига қўрқув солишди. Меҳмонлар тезгина тарқалишди. Полициячилар эса меҳмонхонада турган бир нечта Муқаддас Каломни олиб, уй эгаларига дағ-даға қилди. Китобларни ва оила бошини маҳкамага олиб кетишди.
Аёл ёш боласи билан Худога илтижо қилиб қолаверди. Тонг отди ҳамки, эридан дарак йўқ. Тушга яқин боласи билан суриштириб, полиция маҳкамасини топди. Кечаги кишилар унинг эрини туни билан сўроқ қилишиб, қамаб қўйишган эди. Аёл улардан эрини қўйиб юборишини сўради. Ҳеч қандай қонунга хилоф иш қилмаганликларини, шунчаки меҳмон кутганларини, айблашга асослари йўқлигини айтди. Бунга жавобан кечаги полициячилардан бири шундай деди: — Майли, эринг чиқишини истасанг, бизга бир яшик ароқ олиб келиб бер. Шунда эрингни қўйиб юборамиз. Аёл индамайгина уйига қайтди. Бир яшик ароқ олиб бориш учун пули йўқ эди. Бу воқеани ҳам Худога солишдан бошқа иложи қолмаганди. У Худонинг иродасини уч кун кутди. Уч кун давомида эрига овқат олиб бориб турди. Тўртинчи куни тонгда эри кириб келди.