MP3

Ассалому алайкум. Шоул. Бу шахс ҳақида эшитганмисиз. Агар Муқаддас Каломни ўқиган бўлсангиз, албатта бу шахснинг кимлигини биласиз. Бироқ орамизда Муқаддас Каломни ўқимаган тингловчилар бўлса, бу суҳбатимиз улар учун яна бир янгилик бўлишига шубҳам йўқ. Шоул – Исроил халқининг энг биринчи шохи бўлган. Шоул ҳақида сўз очган эканмиз, у билан бирга Шомуил пайғамбар ҳақида гапирмай иложимиз йўқ. Чунки уларнинг ҳаёти, хизмати бир бирига боғлиқ. Аввало Шоул ҳаёти ҳақида гапиришдан олдин, Исроилнинг ҳолатига бир назар ташласак. Исроил халқи яқин атрофдаги халқларнинг босқинларидан, ҳужумларидан чарчаган, шу туфайли бошқача йўл тутишга қарор қилишган эди. Фаластин халқининг тинимсиз ҳужуми, уларни ўзларига шоҳ тайинлашга ундади. Улар: «Агар биз ҳам ўзимизга шоҳ тайинласак, бошқа халқлардай кучли бўламиз», — деб ўйлаган бўлсалар эҳтимол. Уларнинг фикрича йўл бошчиларига эга бўлган, халқ, жангда енгилмайди ва қудратли бўлади. Аммо улар бир томондан қаттиқ янглишган эдилар.

Уларнинг йўл бошчилари бу — ҳеч қандай шоҳ тенг кела олмайдиган Худо – Исроилнинг Худоси эди. Уларни бошқаришга, доимо ёрдам беришга, жангларда уларни қўллаб туришга тайёр, Худоси бор эди. Исроил халқи ўзларидаги бебаҳо бойликни кўра олмади. Бундай садоқатли Худо бошқа ҳеч бир халқда бўлмаган. Шунга қарамай Исроил халқи, ўзларига кўзга кўринадиган, шоҳ тайинлашни Шомуил пайғамбардан талаб қилди. Шомуил уларни ҳар сафар, «Агар Худога итоатли бўлсак Худойимиз бизни ҳар қандай бало қазодан қутқаради. У бизнинг шоҳимиз» дейишдан чарчамасди. Бироқ халқ қайсарлик қилиб туриб олди. Худо уларнинг талабларини эшитиб, Шомуилга шоҳ танлашга рухсат берди, ва кимни танлаш кераклигини ҳам кўрсатди.

Баъзида ҳаётимизга назар ташласак, биз ҳам ўзимизни худди Исроил халқидек тутаётганимизни кўрамиз. Қандай дейсизми? Тасаввур қилинг, биз бирор нарсага эришишни қаттиқ хоҳлаймиз. Бизнинг назаримизда ҳам, Худонинг назарида ҳам хоҳлаётганимиз, унчалик ёмон бўлиб кўринмайди. Нега энди Худо бермас экан. Шу фикр билан қаттиқ туриб оламиз. Худо бу истагимизнинг охири нима бўлишини билади. Бу истагимиз биз учун жуда зарур эмас, худди исроил халқига шох зарур бўлмаганидек. Шунда ҳам исроил халқига ўхшаб, ўз фикримизда қаттиқ туриб оламиз. Худо эса бизнинг хоҳишимизни қондиради. Кейинчалик унинг оқибатларини кўриб, «Нега Худо бунга рухсат берди», деб ўйлаймиз. Шундай бўлмаслиги учун исроил халқидан ўрнак олинг. Уларнинг хатосини такрорламанг.

Шомуил ва Шоулнинг даврини ўтиш даври дейиш мумкин. Чунки Шоулга келиб, ҳакамлар даври тугаган эди. Энди Шоҳлар даври бошланиши арафасида эди.

Шоул тахтга чиқди. Шоул Бенямин қабиласидан эди. Шоҳ бўлгач Шоулни кўп синовлар кутиб турарди. У Худонинг назорати ва синови остида эканини яхши ҳис қилган ҳолда, ҳаракат қилди. Аста секин Шоул шоҳ бўлиш қандайлигини билиб, ўзини эркин тутадиган бўлди. Худо халқни ва Шоулни огоҳлантиради: «Агар Эгамиздан қўрқиб, сиз ҳам шоҳингиз ҳам Худонинг изидан юриб, Унга хизмат қилиб, амрларига итоат этсангиз, Худо сизларга қарши турмайди. Бироқ Худога бўйсунмай, итоатсизлик қилсангиз, Худо сизларга қарши бўлади». Худо бизни ҳам огоҳлантиради, фақат биз ўша огоҳлантиришни эшитамизми?

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top