3:26

Оила нима?

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Бугун сизларга бир савол бермоқчимиз: Оила нима? Сиз оила деганда нимани тушунасиз? Нега эр-хотин бир оила бўлиб яшаши керак? Уларни оилада тутиб турадиган нарса нима? Нега оила аталмиш бир бўстон яратилиши учун эр-хотин бу йўлда турли синовлар ва қийинчликларга чидашади? Инсонни турмуш қурган ёшлигидан то қаригунига қадар бир оилада бирлаштириб, боғлаб турган нарсанинг нималигини биз билан бирга муҳокама қилишни истайсизми? Келинг унда оиланинг нега бундай мустаҳкам бўлишини ўз билганимизча муҳокама қилиб кўрамиз. Агар сизда ҳам оила ҳақида мукаммалроқ фикрларингиз бўлса, бизнинг www.najot.com сайтимизга кириб фикрларингиз билан ўртоқлашинг. Биз эса оила мавзусидаги муҳокамага киришамиз. Дастлаб киши умрининг баҳорида, муҳаббат аталмиш туйғу, юракни эгаллайди.

Бу туйғу асосида икки ёш турмуш қуради, дастлабки йилларда бу туйғунинг кучи, сеҳри ва жозибаси билан бир-бирининг айбларига чидайди, мослашишга рози бўлади. Кейинчалик эса бу туйғу кучли эҳтиросдан аста-секин сокин муҳаббатга айланади. Бу муҳаббат ўтган ёшлик йилларидан анча сабоқ олган, жуфтига ҳурмат ва садоқатни бера оладиган, уни сокин аммо кучли иштиёқ билан севадиган туйғуга айланган. Энди киши ўз жуфтига нисбатан, болаларининг онаси ёки отаси каби қараб, уни яна ҳам кўпроқ ардоқлашни ўрганади. Бу йиллар давомида қанчалик кўп келишмовчиликлар, қийинчиликлар бўлмасин, шу сокин муҳаббат туфайли, эр-хотин ўз жуфти билан бундан буён ҳам яшашга рози бўлади. Жанжалсиз оила бўлмайди. Ҳар бир жанжалдан кейин киши ўз жуфтининг янги қирраларини кашф этади. Бу ҳам мослашишга бир қадам бўлади.

Ўз жуфтини чиндан севган инсон ҳатто жанжаллашганида ҳам унга ёмонлик тиламайди. Шунинг учун унинг ёмон жиҳатларини эмас, яхши томонларини ўйлаб, яна хурсандчилик билан яшашда давом этади.

Тўфонли, завқ-шафққа тўла турмуш йиллари ортда қолди. Энди кексалик эшик қоқиб турибди. Бу даврда эр-хотин бир бирига шу қадар мослашадики, иккиси нима демоқчи бўлганини кўзларига қараб туриб англайдилар. Бу даврда сокин муҳаббат яна ҳам мустаҳкамланади. Ёшликда дилга жойлашган муҳаббат турмушнинг суронли, алғов-далғовли, қийинчиликларга тўла бўлган сўқмоқларидан юриб, анча пишиб қолган. Бу даврда энди эр – хотин мутлоқ бир-бирига суяниб қолади.

Бир-бирисиз туролмайдиган бўлиб қолади. Улар бу ёшга келиб, ҳақиқий бир-бирига ҳақиқий, дардкаш, сирдош бўлади. Бир-бирини жуда яхши тушунади. Бир-бирини хафа қилишга ботинолмай қолади. Болалар уйли-жойли бўлган, энди уларнинг ўз оиласи бор. Қарилик ёшига етиб келган жуфтларни энди ўлим ажратмаса, бошқа ҳеч ким ва ҳеч нарса ажрата олмайди. Улар бир-бирисиз яшашни тасаввур ҳам қила олмайдилар. Худонинг қудратига тан бермай иложимиз йўқ. Киши ёшлигида, ғўрлигида унинг юрагига эҳтиросли ва жўшқин муҳаббатни беради, кейинчалик ақли киргач, бу муҳаббат сокинлашади. Бир-бирисиз яшай олмайдиган бўлганда, эса муҳаббатнинг асл моҳиятини ҳис қилишади. Бу пайтдаги муҳаббатнинг қандайлигини шу ёшга кириб қўша қариган момолардан, боболардан сўраш жоиз бўлади. Биз оила аталмиш ошёнга бир томонлама назар ташладик ҳолос.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top